Бола фаровонлигига сармоя – мамлакат тараққиёти асоси
Самарқандда “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл” бутунжаҳон саммити ҳамда болалар онкологияси бўйича II халқаро конгреcc ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Таълим ва илм-фан вазирлиги, “Замин” халқаро жамоат фонди томонидан БМТ Бош котибининг болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили, ЮНИСEФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Жаҳон банки ва Халқаро ижтимоий таъминот уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирларда нуфузли халқаро ташкилотлар ва 100 дан ортиқ давлат вакиллари, хорижий мамлакатлардан юқори даражали меҳмонлар, халқаро экспертлар, соҳа мутахассислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.
Саммитнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саммит қатнашчиларига табригини Президент матбуот котиби Ш.Асадов ўқиб эшиттирди.
Давлатимиз раҳбари табригида боланинг соғлом ўсиши ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун яратилган шароит мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиётига ҳам мустаҳкам асос бўлиши, шу боис болаликка йўналтириладиган маблағлар давлат сиёсатида изчил ва барқарор ўрин эгаллаши зарурлиги алоҳида таъкидланган. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, мактабгача таълим имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий хизматларни оилаларга яқинлаштириш бўйича ислоҳотлар изчил амалга оширилаётгани қайд этилган. Ногиронлиги бўлган болаларнинг таълимда иштирок этиши, болаларни зўравонлик ва эксплуатациядан ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз дунёда қуролли можаролар, мажбурий кўчиш, иқлим ўзгариши ва иқтисодий қийинчиликлар болалар ҳаётига оғир таъсир кўрсатаётган бир пайтда ҳар бир давлат ўз масъулиятини бажариши, халқаро ҳамкорлик эса миллий имкониятларни тўлдириши зарурлигини таъкидлаган. Бу борада бир қатор муҳим масалаларда Самарқанддаги мулоқотни амалий йўналишларга қаратиш таклифларини илгари сурган.
Шунингдек, маросимда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 81-сессияси раиси Халилур Раҳмон сўзга чиқиб, бутунжаҳон саммитини ўтказиш ташаббусини билдиргани ва анжуманни юқори савияда ташкил этгани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг саммит қатнашчиларига мурожаатини БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Сабине Махл хоним ўқиб берди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними, “Замин” халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева сўзга чиқиб, мамлакатимизда болаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг оила бағрида соғлом ўсиши, сифатли таълим олиши ва бошқа ҳуқуқларини таъминлаш, болалар саратонининг олдини олиш, касалликни эрта аниқлаш ва самарали даволаш борасида амалга оширилаётган ишлар, йирик дастур ва лойиҳалар натижасига эътибор қаратдилар. Бу борада Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг фаолияти муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди. Агентлик ва унинг қуйи тизим ташкилотлари томонидан оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг 12 та тоифасига ижтимоий хизмат ва кўмак кўрсатилмоқда. Айни пайтда агентликнинг 14 та ҳудудий бошқармаси, туман ва шаҳарларда 208 та “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, маҳаллаларда эса 9 минг нафар ижтимоий ходим фаолият юритмоқда.
Ижтимоий хизмат ва ёрдам турлари йилдан-йилга кўпайтирилиб, қамров оширилмоқда. Хусусан, 2023 йилда агентлик томонидан 23 та хизмат кўрсатилган бўлса, 2026 йилга келиб ижтимоий хизмат ва ёрдам турлари 140 тага, проактив хизматлар сони эса 4 тадан 9 тага етказилди.

Мазкур тизим йўлга қўйилиши натижасида сўнгги 3 йил ичида 3,9 миллион нафар фуқаро ижтимоий хизматлар билан қамраб олинди. Маҳалла даражасида ижтимоий ҳимояга муҳтож 600 мингдан ортиқ шахс ва оила янгидан аниқланди. Жумладан, 86,7 минг нафар ногиронлиги бўлган шахс, 22,3 минг нафар ота-она қарамоғисиз қолган бола, 21,3 минг нафар парваришга муҳтож шахс, 17 минг нафар алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган бола ва 15,9 минг оила боқувчисини йўқотгани сабабли аниқланиб, уларга давлат томонидан тегишли ёрдам кўрсатилиши таъминланди.

БМТ Бош котибининг болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили Нажат Малла Мжид бугун дунёда болаларни тиббий-ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг ҳар жиҳатдан соғлом ўсиши, турли зўравонликлардан асраш долзарб бўлиб турган бир пайтда Самарқанд саммити ўтказилиши тарихий аҳамиятга эгалигини таъкидлади.
Тадбирда Ўзбекистонда болаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг фаровонлиги йўлига амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида видеолавҳа намойиш этилди. Болаларнинг ижодий чиқишлари тақдим қилинди.

Бутунжаҳон саммити юқори даражадаги меҳмонлар, вазирлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, халқаро экспертлар иштирокидаги ялпи ва панел сессияларда ўз ишини давом эттирди. Бу тадбирларда болалар фаровонлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, соғлиқни сақлаш, эрта ривожланиш ҳамда инклюзив таълим соҳаларидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди. Муҳокамалар чоғида болаларга йўналтирилган инвестициялар самарадорлигини ошириш, ҳар бир бола учун тенг имкониятлар яратиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Саммитда кўрилаётган масалаларнинг умумий мезони – боланинг ҳаётидаги аниқ ўзгариш. Мазкур ёндашув халқаро иштирокчилар учун эрта ривожланиш, зўравонликдан ҳимоя, инклюзив таълим, болалар онкологияси ва оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича тажриба алмашиш ҳамда келгуси ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилишга асос яратади.
Халқаро форум тадбирлари давом этмоқда.
Ғолиб Ҳасанов,
ЎзА мухбири