Дунё халқлари санъат усталарини 1997 йилдан буён Самарқандда бирлаштирган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали яна кўҳна шаҳарга қайтмоқда.
Жорий йилнинг 25-30 август кунлари қадимий ва ҳамиша навқирон кентда “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали ўтказилади.
Турли миллат ва элатларни санъат орқали бирдамликка чорлайдиган, дунё халқлари миллий куй ва қўшиқлари тараннум этиладиган мусиқа анжуманида шу пайтгача сайёрамизнинг барча қитъаларидан вакиллар иштирок этган. Бу йил ҳам қатнашчилар аввалги йиллардагидан кам бўлмаслиги кутилмоқда. Эътиборли томони, аввалгилардан фарқли ўлароқ бу йилги фестиваль Регистон майдонида эмас, балки айни чоғда Самарқанднинг янги туризм масканига айланаётган халқаро туристик марказдаги “Боқий шаҳар” мажмуасида ўтказилади.
[gallery-18550]
– Кўпчиликда нима учун Регистонда эмас, деган савол туғилиши шубҳасиз, – дейди режиссёр Шамсиддин Усмонов. – Бунинг асосий сабаби юртимизнинг бебаҳо маданий мероси ҳисобланмиш Регистон ансамблини асраб-авайлаб, келажак авлодга етказишдан иборат. Ҳеч кимга сир эмас, фестивалга тайёргарлик ва бевосита тадбирлар жараёнида турли транспорт воситалари, овоз кучайтиргич ва бошқа техник қурилмалардан фойдаланишга тўғри келади ва бу тарихий обидаларимизга зарар етказиши мумкин. Шуни инобатга олган ҳолда янги марказда ташкил этишга келишилди. Бу ерда ҳам ўзига хос миллий, тарихий муҳит яратилган. Айни пайтда фестивалнинг очилиш маросимига тайёргарлик жараёнларини олиб боряпмиз. Актёрлар, хореографлар, ҳарбийлар ҳамда талаба-ёшлар иштирокидаги оммавий саҳна кўринишлари бўйича ишлаяпмиз. Эътиборлиси, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали номига хос тарзда очилиш маросимида фақатгина юртимиз санъат усталари эмас, балки хорижлик санъаткорларнинг ҳам иштирок этиши кўзда тутилган. Бу борада фестивални ўтказиш бўйича ташкил этилган республика штаби, қолаверса, Маданият вазирлигининг штаблари томонидан тегишли тартибда ишлар олиб борилмоқда. Мақсадимиз маълум танаффусдан сўнг қайта тикланаётган “Шарқ тароналари”ни бетакрор ўтказишдан иборат. Чунки, мазкур фестивални халқимиз, шунингдек дунё аҳли ҳам соғинган. Буни тайёргарлик жараёнида маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар томонидан билдирилаётган катта қизиқишлар орқали кўряпмиз. Зиммамизда катта масъулият бор ва шуни ҳис этган ҳолда бор кучимиз билан ҳаракат қиляпмиз.
Ўн учинчи бор ўтказиладиган фестивалга тайёргарлик жараёни қизғин тус олган бир пайтда унда кимлар иштирок этиши кўпчиликни қизиқтириши табиий. Айни пайтда хорижий давлатларга таклифномалар юборилган ва уларнинг аксарияти фестивалда иштирок этишларини тасдиқламоқда. Жараён давом этмоқда.
– “Шарқ тароналари”ни халқимиз ҳам, хорижлик мусиқа ихлосмандлари ҳам соғинганлигини тайёргарлик ишлари давомида кузатяпмиз, – дейди Самарқанд вилояти маданият бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ғазал Сирожиддинов. – Мусиқа ҳамма учун бир хил, уни тушуниш учун таржимон керак эмас. Шунинг учун ҳам бундай фестиваллар халқларни бир-бирига яқинлаштириш, жипслаштириш, дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жорий йилги мусиқа фестивалида иштирок этувчиларни аниқлаш бўйича тегишли ташкилотлар билан биргаликда хорижий мамлакатларга таклифномалар юборилди. Бугунги кунга қадар 130 давлатдан жавоб хатлари келиб, ўз таклифларини билдирди. Бундан ташқари, яқин кунларда маҳаллий иштирокчиларни аниқлаш мақсадида ички танловимиз ўтказилади. Энг сара чиқишлар аниқланиб, фестивалга тақдим этилади. Умуман олганда фестивалга қизиқиш қанчалик юқори бўлса, тайёргарлик жараёни ҳам шунчалик қизғин давом этмоқда. Ўйлайманки, “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали ҳам гарчанд илк бор Регистон майдонидан ташқарида ўтказилса-да, куй-қўшиқ ихлосмандлари қалбида ўчмас из қолдиради. Мусиқа, санъат халқларни бирлаштириш қудратига эга. Бугунги глобаллашув, дунёнинг манзараси ўзгариб бораётган даврда, бу айниқса, яққол сезилмоқда. Айни жиҳатларни эътиборга оладиган бўлсак, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали олдига қўйган мақсади, моҳияти, жозибаси билан халқлар дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади, албатта.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/I-nv9v3KleI?si=FrD0gVUesHVII3mu" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат, видео),
ЎзА мухбирлари