Кузги кўчат экиш ишлари қизғин паллада
Экологик барқарорликни таъминлаш, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва яшил майдонларни кенгайтириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири. Тошкент вилоятида ҳам "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт ва бута кўчатларини экиш, мавжуд яшил ҳудудларни асраб-авайлаш ишлари "Долзарб 40 кунлик" доирасида изчил давом эттирилмоқда.
Хусусан, Оҳангарон туманида кузги кўчат экиш мавсумига бағишланган тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, Бош вазир ўринбосари Ғафуржон Мирзаев, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, нуронийлар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, шунингдек, Zoom платформаси орқали барча шаҳар ва туман ҳокимликлари масъуллари, фаоллар ҳамда ҳашарчилар иштирок этди.

Тадбирда вилоят ҳокими сўзга чиқиб, Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган “Яшил макон” лойиҳаси ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва экологик муҳитни яхшилашда муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади. Шунингдек, бу борадаги ишларни изчил давом эттириш, кўчат экиш билан бир қаторда уларни парваришлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.
Қайд этилганидек, сўнгги беш йилда вилоят ҳудудида 78 миллион туп дарахт ва бута кўчати экилди. Натижада ҳудуднинг яшиллик даражаси 13 фоиздан 22 фоизга етди. Бу борадаги ишлар 2025 йилда ҳам давом эттирилиб, 164 гектар майдонда яшил боғлар, 123 гектарда яшил жамоат парклари ташкил этилди. Шунингдек, вилоятнинг 883 та маҳалласида 2 миллион тупдан зиёд кўчат экилиб, янги маҳалла боғлари барпо қилинди.

Жорий йилги кузги мавсумда эса Тошкент вилояти бўйлаб 12 миллион туп дарахт ва бута кўчати экиш мақсад қилинган. Бунинг учун ҳудудларда кўчат экиш тадбирлари, умумхалқ ҳашарлари ва тарғибот ишлари ташкил этилмоқда. Тадбир аввалида эзгу ниятлар билан жонлиқ сўйилиб, Қуръон тиловат қилинди.

Шунингдек, Бекобод шаҳрида ҳам кўкаламзорлаштириш ишлари изчил давом этмоқда. Куни кеча ҳудудда қарийб 8 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчати экилди. Жорий мавсумда шаҳар бўйлаб жами 147 минг 700 туп кўчат экиш режалаштирилган бўлиб, бугунга қадар уларнинг 70 минг тупдан зиёди ерга қадаб бўлинди. Эътиборлиси, кўчатларни экиш билан бир қаторда уларнинг келгусида яхши илдиз отиши ва ўсиб-ривожланиши учун ҳам зарур шароитлар яратилмоқда. Хусусан, ер майдонларини тайёрлаш, суғориш тизимини йўлга қўйиш ва мунтазам парваришлаш бўйича агротехник тадбирлар ташкил этилган.
Айни пайтда вилоятнинг барча ҳудудларида кўчат экиш ва ободонлаштириш ишлари қизғин давом этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА