Коррупциянинг олдини олишда жамоатчилик иштироки ва фуқаролик жамияти институтларининг роли кучайтирилади
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Агентлик раҳбарияти ва масъул ходимлари, Жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этди.
Жамоатчилик кенгаши раиси, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов коррупциянинг олдини олишда давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва илмий доиралар ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Жамоатчилик назоратининг асосий мақсади – муаммоларни аниқлаш билангина чекланмасдан, уларнинг сабабларини ўрганиш, амалий ечимларни таклиф этиш ва давлат органлари билан жамият ўртасида ишончли мулоқотни шакллантиришдан иборат экани қайд этилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов коррупцияга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни ривожлантиришнинг аҳамиятига эътибор қаратди.
Йиғилишда Жамоатчилик кенгашининг 2024–2026 йиллардаги фаолияти сарҳисоб қилинди. Кенгаш раиси Ф.Отахонов ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, тўпланган тажриба ва келгусидаги устувор вазифалар тўғрисида ахборот берди.

Қайд этилганидек, 2024 йил ноябрь ойида шакллантирилган, 25 нафар аъзодан иборат Жамоатчилик кенгаши ўз фаолияти давомида Агентлик иши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, коррупцияга қарши давлат сиёсатини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш йўналишларида иш олиб борди.
Жамоатчилик кенгашининг 6 та йиғилиши ўтказилди. 10 та лойиҳа ва ҳужжат юзасидан илмий хулоса ва таклифлар тақдим этилди.
Жумладан, коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури лойиҳаси, «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклифлари, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси ижроси, журналистик суриштирувлар, гендер ва коррупция масалалари, маиший коррупция сабабларини ўрганишга қаратилган материаллар юзасидан экспертлик хулосалари ва таклифлар ишлаб чиқилди.
Пулли автотураргоҳлар фаолиятини жойига чиққан ҳолда ўрганиш, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда «Микрокредитбанк» АЖда ўтказилган жамоатчилик эшитувларида иштирок этиш орқали жамоатчилик назоратининг амалий механизмлари қўлланилди.
Кенгаш аъзолари халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Кенгаш фаолияти республика миқёсида ҳам эътироф этилиб, у Жамоатчилик кенгашларининг республика форуми доирасидаги мониторинг натижалари бўйича «Энг фаол жамоатчилик кенгаши» номинацияси ғолиби бўлди.
Муҳокамалар якунида Жамоатчилик кенгашининг 2024–2026 йиллардаги фаолиятида тўпланган тажрибани келгуси ишларни йўлга қўйишда инобатга олиш, билдирилган илмий-амалий таклифлардан самарали фойдаланиш ҳамда давлат ижтимоий буюртмаси асосидаги лойиҳаларнинг натижадорлигини ошириш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилиш доирасида Агентлик томонидан эълон қилинган давлат ижтимоий буюртмаси асосида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг оралиқ мониторинги натижалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан коррупцияга қарши курашиш йўналишида суриштирув журналистикасини ташкил этиш ва амалга ошириш методологиясини ишлаб чиқишга бағишланган лойиҳа тақдим қилинди. Уюшма раиси Шуҳрат Орипов журналистик суриштирувларнинг холислиги, ахборот манбалари билан ишлаш, далилларни текшириш ва коррупциявий ҳолатларни жамоатчиликка профессионал тарзда етказиш масалаларига тўхталди.

«Ўзбекистон аёл судьялари ассоциацияси» томонидан БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси қоидалари бажарилишини мониторинг қилиш ва муқобил баҳолаш тизимини йўлга қўйишга қаратилган лойиҳа Ассоциация ижрочи директори Гулнора Охунова томонидан тақдим этилди. Унда халқаро мажбуриятлар ижросини мустақил баҳолашда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки, мониторингнинг самарали механизмларини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокамалар давомида лойиҳаларнинг илмий-услубий асосларини такомиллаштириш, мониторинг ва баҳолаш механизмларини аниқ белгилаш, натижадорлик кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, шунингдек, тайёрланаётган материалларнинг амалий қийматини ошириш бўйича илмий-амалий таклифлар илгари сурилди.
Очиқ мулоқот, ўзаро фикр алмашиш ва конструктив муҳокама руҳида ўтган йиғилишда билдирилган таклифлар ва илгари сурилган ташаббуслар Жамоатчилик кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш, коррупциянинг олдини олишда жамоатчилик иштироки ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА