Самарқандда “Ипак йўли” давлат музейи ташкил этилади (+видео)
Бу ҳақда Президентимизнинг шу йил 21 апрель куни қабул қилинган қарорида белгиланди. Бундан аввалроқ, яъни 16 апрель куни давлатимиз раҳбари маданият ва туризм соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва янги лойиҳалар тақдимоти билан танишуви чоғида Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” музейини барпо этиш режасини кўриб чиққан эди. Тақдим этилган лойиҳага кўра, ушбу музей шаҳарнинг тарихий Кўксарой майдони ҳудудида барпо этилади ва унинг экспозицияси археология, тасвирий санъат, амалий санъат материалларини қамраб олган 6 мингдан зиёд ноёб экспонатларни бирлаштиради.
Қарорда Самарқанд шаҳри Кўксарой майдони 2-уй манзилида жойлашган Самарқанд вилояти ҳокимлигининг автохўжалиги биноси ҳамда унга туташ бўлган ҳудуд билан биргаликда жами 9 гектар ер участкаси музей биносини қуриш учун Маданий мерос агентлигига давлат мулки сифатида оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул берилиши белгиланган. Шунингдек, “Ипак йўли” давлат музейини ташкил этиш бўйича 2026-2028 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Мазкур дастурга кўра, 2026-2028 йилларда қурилиш, малакали хорижий ва маҳаллий мутахассисларни жалб этган ҳолда, музейнинг илмий концепцияси ва тематик-экспозицион режасини ишлаб чиқиш ишлари амалга оширилади. Муассаса 2029 йилдан фаолият бошлаши назарда тутилган.

– Самарқандда янги – “Ипак йўли” музейи ташкил этилишини халқимиз, айниқса, биз музей ходимлари жуда катта қувонч билан қабул қилдик, – дейди “Самарқанд” давлат музей-қўриқхонаси бош директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Сафура Рўзимуродова. – Бу бежиз эмас, албатта. Чунки Самарқанд қадимий Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган нафақат савдо-сотиқ, балки илм-фан, маданият ва санъат ривожланган тарихий шаҳар ҳисобланади. Шу жиҳатдан шаҳар дунё цивилизацияси ривожида муҳим ўрин тутади. Буни юртимиз ва хорижий давлатларда сақланаётган тарихий манбалар, археологик тадқиқотлар жараёнида тўпланган маълумотлар ва топилган ашёлар ҳам тасдиқлайди. Ана шу қадимий топилмалар, археологик, нумизматик ва этнографик ашёларнинг тўпланиши билан Самарқандда XIX аср охири ва XX аср бошларида музейлар шакллана бошлаган. Биз фаолият кўрсатаётган Самарқанд давлат музей-қўриқхонасининг шаклланиши ҳам ана шу даврга бориб тақалади. Бугунги кунда музей-қўриқхона таркибидаги муассасаларда 250 мингга яқин ноёб осори-атиқалар, тарихий, маданий, бадиий манбалар ва ашёлари сақланади. Бу бой манба янги ташкил этилаётган “Ипак йўли” давлат музейининг ташкил этилишига асос бўлди, десак хато бўлмайди. Лекин музей экспозициясига нафақат музей-қўриқхонамиздаги, балки хорижий давлатлардаги музейлар ва шахсий коллекцияларда сақланаётган юртимиз тарихи ва маданияти билан боғлиқ ноёб ашёлар, тарихий манбаларнинг факсимил нусхалари, муляжлари, маданий меросимизнинг артифактларини олиб келиш режалаштирилган. Эътиборлиси, янги музей Самарқанднинг тарихий қисмида, қайсики иккинчи Ренессанс даврида шаҳарнинг асосий маркази бўлган ҳудудда бунёд этилишида ҳам катта рамзий маъно бор. Зеро бу маскан айни пайтда Самарқанднинг асосий сайёҳлик маркази, Амир Темур ва Темурийлар даври обидалари жойлашган ҳудуд ҳисобланади. Бу ушбу тарихий ҳудуд билан музейни уйғунлаштиради, халқимиз ва хорижлик сайёҳлар учун муҳим туризм объекти, маданият, маърифат маскани бўлади.
Чора-тадбирлар дастурида, шунингдек, музей фондини Марказий Осиё ҳудудида Буюк ипак йўлининг шаклланиши, ривожланиши ва жаҳон тамаддунига таъсирини ёритувчи маданий бойликлар билан бойитиш, уларни малакали чет эллик ва маҳаллий мутахассисларни жалб қилган ҳолда, реставрация ва консервация қилиш, Буюк ипак йўлининг шаклланиши, ривожланиши ва жаҳон тамаддунига таъсирини ёритувчи архив ҳужжатлари, ноёб китоб ва қўлёзмаларни илмий тадқиқ қилиш ва рақамлаштириш белгиланган.

Янги музей учун бугунги кун талабларига мос тарзда мультимедиа маҳсулотлари, хусусан, VR, иммерсив видеороликлар ва ҳужжатли фильмлар ишлаб чиқилади, сайт яратилиб, унда музей фаолияти билан боғлиқ маълумотлар ёритиб борилади. Музейнинг хорижий давлатлардаги музей, архив, кутубхона ва бошқа илмий-маърифий муассасалар ҳамда мутахассислар билан ҳамкорлиги йўлга қўйилади.
– “Ипак йўли” музейининг ташкил этилиши халқимизнинг бир неча минг йиллик бой тарихини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш нафақат Самарқанд, балки юртимизда туризмни янада ривожлантиришга хизмат қилади, – дейди Самарқанд шаҳридаги “Афросиёб” музейи директори Самариддин Мустафоқулов. – Давлатимиз раҳбарининг мазкур музей лойиҳаси билан танишиб, уни тасдиқлангани, бу ҳақда алоҳида қарор қабул қилингани кишига ўзгача ғурур пайдо қилди. Тўғрисини айтишимиз керак, шу пайтгача Самарқандда бугунги кун талабларига мос, замонавий яхши бир музей йўқ эди. Ўн йиллар олдин Регистон майдони яқинидаги, анча эскириб қолган музей бошқа жойга кўчирилганидан сўнг, янги музей қурилиши айтилдию бу ишни амалга ошириш анча чўзилиб кетди. Мана энди ҳар томонлама пухта ўйланган лойиҳа асосида “Ипак йўли” деган ном билан янги музей ташкил этилиши ва унинг тарихий Кўксарой майдони ҳудудида қурилишининг ўзи биз учун катта фахр. Музейга археология, тасвирий санъат, амалий санъат материалларини қамраб олган 6 мингдан зиёд ноёб экспонатлар қўйилиши режалаштирилган. Бу ерда доимий ва вақтинча кўргазмалар учун экспозициялар, 160 ўринли аудитория, болалар академияси ташкил этилади. Бу эса “Ипак йўли”нинг оддий музейи эмас, балки халқимизнинг ўзлигини намоён этадиган, таълим-тарбия берадиган, зиё ва маърифат улашадиган замонавий маданият маркази бўлишидан далолат беради. Биз пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси таркибида инновацион музей ташкил этиш орқали бу борада яхши тажриба тўпладик, замонавий музейшунослик анъаналарини шакллантирдик. Ота-боболаримиз томонидан яратилган ва турли даврларда хорижга олиб чиқиб кетилган осори-атиқаларимиз, ноёб тарихий манбаларимиз ҳукуматимиз саъй-ҳаракатлари билан юртимизга қайтарилмоқда ва янги музейларимизда сақланмоқда. Давлатимиз раҳбари қарорида “Ипак йўли” музейини ҳам хорижда сақланаётган, халқимиз ўтмиши билан боғлиқ тарихий ашёлар ва манбаларни олиб келиш орқали янада бойитиш, замонавий мультимедиа тизимларини яратиш кўзда тутилган. Айтиш мумкинки, янги музей халқимизнинг бой ўтмиши кўзгуси бўлиш билан бирга, келажак авлодлар учун муҳим тарихий манба, фахр ва ифтихоримиз рамзига айланади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/zoVmG5qKUk8" title="Samarqandda “Ipak yo‘li” davlat muzeyi tashkil etiladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (видео, сурат), ЎзА мухбирлари