Бу ҳақда Самарқанд вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари – жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи Х.Умаров Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан берган ҳисоботида маълум қилди.
Қайд этилишича, Президентимизнинг жорий йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тасдиқланиб, масъул идоралар ва муассасалар учун 2025 йилда ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Шу асосида аҳоли осойишталиги ва криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш бўйича “Хавфсиз ҳудуд”, “Хавфсиз оила”, “Назорат”, “Турмуш”, “Диққат пиёда” “Давомат”, “Тиғ”, “Ўқувчи” “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни”, “Тунги рейд” каби тезкор-профилактик тадбирлар амалга оширилди.
Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўтказилган профилактик тадбирлар давомида 182 минг 822 та маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланган ва ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди. Маҳаллаларда 391 та “намунавий хавфсиз кўча”лар ҳамда 987 та “намунавий хавфсиз йўлак”лар ташкил этилди.
– Киссавурлик жинояти содир этилишининг олдини олиш мақсадида бозорларда, савдо комплексларида, савдо дўконлари ва расталарида 364 та техник восита ўрнатилди, – деди Х.Умаров. – 31 та жамоат транспорти видеокузатув воситалари билан, 20 таси эса (SOS) ташвиш тугмаси билан жиҳозланди. Хотин-қизларнинг жиноят қурбони бўлишининг олдини олиш мақсадида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 1261 нафар аёлга ҳимоя ордери берилиб, зўравонлик содир этган шахслар устидан таъсирчан назорат ўрнатилди. Зўравонликка учраган хотин-қизларнинг 6 нафарини вояга етмаган, 330 нафарини ёшлар ташкил этди.
Ҳамкорликда кўрилган ижтимоий профилактик тадбирлар, психологик ва ҳуқуқий ёрдам натижасида тузалиш йўлига ўтган 702 нафар назоратдаги шахснинг ўталмай қолган жазолари жиноят ишлари бўйича судларга киритилган тақдимномалар асосида муддатидан илгари тугатилиб, улар шартли равишда озод этилди. Ўз навбатида жазони ўташдан бўйин товлаб, жиноят ишлари бўйича судларнинг ҳукм ва ажримларида белгиланган мажбурият ва чекловларга амал қилмаган, такрорий жиноят содир этиш эҳтимоли бўлган 128 нафар шахснинг жазоси оғирроқ турдаги бошқа жазолар билан алмаштирилди, хусусан, 62 нафари озодликдан маҳрум этилди.
Биринчи чорак давомида вилоятдаги 1126 та маҳалланинг 815 тасида жиноят содир этилмади. Жиноят қайд этилган 311 та маҳалланинг 63 тасини “қизил” ҳамда 248 тасини “сариқ” тоифадаги маҳаллалар ташкил этди.
Профилактик чора-тадбирларга қарамасдан вилоят бўйича 2169 та жиноят содир этилди (ўтган йилнинг шу даврида 848 та бўлган). Бу жиноятларнинг 885 таси (40,8 фоизи) ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган жиноятларни ташкил этди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири