Сенат: жиноятларнинг 49,6 фоизи ахборот технологиялари билан боғлиқ жиноятлар ҳиссасига тўғри келмоқда
Сенатнинг 2026 йилга мўлжалланган иш режасига мувофиқ Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ахборот технологиялари орқали содир этиладиган жиноятларга қарши курашишни кучайтиришга қаратилган ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди.
Унда Жиноят кодексини такомиллаштириш, хусусан, кибержиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Шу мақсадда вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилгани таъкидланди.
Қўмита раиси Қутбиддин Бурхонов кейинги йилларда ахборот технологиялари жадал ривожланиши билан бирга кибержиноятлар сони ҳам кескин ортиб бораётганини таъкидлади. Хусусан, электрон тўлов тизимлари орқали маблағларни талон-торож қилиш, шахсий маълумотларни ўғирлаш, шунингдек, сунъий интеллект ёрдамида овоз ва қиёфани сохталаштириш ҳолатлари кўпаймоқда.
Статистик маълумотларга кўра, 2021 йилда рақамли маконда 20 турдаги жиноят қайд этилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 64 тага етган. 2025 йилда эса республикада қайд этилган жами жиноятларнинг 49,6 фоизи ахборот технологиялари билан боғлиқ жиноятлар ҳиссасига тўғри келган.
Йиғилишда кибержиноятларнинг юқори яширинлик даражаси, уларнинг масофадан туриб содир этилиши каби омиллар уларнинг ижтимоий хавфлилигини ошираётгани алоҳида таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Хавфсиз муҳит” тамойили доирасида нафақат жисмоний, балки рақамли маконда ҳам фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифа экани қайд этилди.
Йиғилиш якунида кибержиноятларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, қонунчиликни такомиллаштириш ва жазо чораларини кучайтириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА