Самарқанд ва Перлис туризм соҳасида ҳамкорлик қилади
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов бошчилигидаги туризм, маданият соҳалари ва диний ташкилотлар вакилларидан иборат гуруҳ Малайзиянинг Перлис штатида хизмат сафарида бўлди.
Перлис Малайзиянинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган штат. Аҳолисининг 89 фоизи малай миллатига мансуб, 8 фоизи хитойлар, 3 фоизи ҳиндлар ва бошқалар. Пойтахти Кангар шаҳри. Штат мамлакатнинг Осиё қитъасига олиб борадиган темир йўл дарвозаси бўлиб, Таиланд орқали товарлар экспорти ва импорти учун муҳим йўлак ҳисобланади. Иқтисодиётнинг асосий тармоқлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш, шу жумладан, логистика ва туризмдир.


Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов ва Перлис штати валиаҳд шаҳзодаси Саййид Файзуддин Путра ибн Саййид Сирожуддин Жамолуллаил, штат администрацияси раҳбари Моҳд Шукри Рамли, туризм, санъат ва маданият вазири ўринбосари Хайрул Фирдавс, Ислом туризм маркази директори Алисса Юссин билан учрашувлари чоғида Самарқанд ва Перлис ўртасидаги манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари ҳақида сўз юритилди.
Самарқандда туризм инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган мега-лойиҳаларнинг мамлакатимизни сайёҳлар учун жозибадор маскан сифатида танитишига ҳисса қўшаётгани алоҳида таъкидланди.


– Бугунги кунда Самарқанд дунёга ҳар томонлама очилмоқда, – деди Р.Қобилов. – Унинг дунёга машҳур зиёратгоҳ ва қадамжолари сайёҳларни жалб қилишда муҳим аҳамиятга эга. Самарқанд ҳудудида Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Махдуми Аъзам каби мусулмон оламининг таниқли олимлари яшаб ижод қилган, улар номи билан боғлиқ масканлар бугунги кунда зиёрат туризмнининг асосий объектлари ҳисобланади. Малайзиялик дўстларимизга ана шу имкониятлар, юртимизда сайёҳлик соҳасига қаратилаётган эътибор ҳақида гапириб бердик. Самарқандни Ўзбекистоннинг “сайёҳлик дарвозаси” сифатида тарғиб қилиш бўйича кўрилаётган комплекс чора-тадбирлар, туристлар учун виза тартибларининг соддалаштирилгани, Самарқанд халқаро аэропорти ва “Буюк ипак йўли” халқаро сайёҳлик марказининг имкониятлари ҳақидаги маълумотлар Перлис штати раҳбарлари ва туризм соҳаси масъулларида қизиқиш уйғотди.


Мезбонлар Перлис штатида ўзбек маданияти ва туризми “бурчаги” ни очиш, қўшма тадбирлар ва B2B учрашувларини ўтказиш орқали Самарқанднинг бой туризм салоҳиятини тарғиб қилишга тайёрлигини билдирди.
Учрашувларда Ўзбекистон ва Марказий Осиё олимлари ва мутафаккирларининг ислом цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси қайд этилди. Имом Бухорий ва Имом Термизий мероси Малайзияда катта обрўга эга. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон малайзиялик сайёҳлар учун энг яхши йўналишлардан бирига айланиши мумкин.


Малайзия томони туризм инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади. Учрашувларда мусулмон туризми стандартларини ишлаб чиқиш ва “зиёрат-туризм” маҳсулотларини яратиш бўйича тажриба алмашиш, Ислом туризми маркази билан биргаликда республика вакиллари учун ўқув курсларини ташкил этиш каби масалалар юзасидан келишувларга эришилди. Шу билан бирга Ўзбекистон ва Перлис давлатининг сайёҳлик компаниялари томонидан “зиёрат-туризм”, “маданий туризм”, “этнотуризм”, “қишки туризм”, “Умра+”, “иш туризми” тур-пакетларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш, Самарқанд вилояти ёшларига давлат олий ўқув юртларида таълим олишлари учун таълим грантлари ажратиш, қўшма таълим ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, Перлис университети ва Перлис Ислом университети орқали талабалар алмашинувини йўлга қўйишга келишиб олинди.



Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА