Самарқанд темир йўл вокзалида янги меҳмонхона иш бошлади
Юртимизда туризмни ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Самарқанд темир йўл вокзалида “Боғдон” меҳмонхонаси ўз фаолиятини бошлагани ҳам сайёҳлар ва йўловчиларга қулайлик яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Меҳмонхона вокзал ҳудудида жойлашган. Шу сабабли у узоқ йўлдан келган ёки поездни кутаётган йўловчилар учун қулай ва амалий хизматлардан бирига айланади.

Меҳмонхона бир вақтнинг ўзида 100 га яқин йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Бу эса Самарқанд вокзалида йўловчилар учун замонавий ва қулай шароитларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Меҳмонхонадан поездлар қатнови орасидаги вақтни қулай ўтказиш, қисқа муддатли дам олиш ёки Самарқанд шаҳрига ташриф буюрган йўловчилар фойдаланишлари мумкин.
М.Комилова, ЎзА