Самарқанд нони, Марғилон адраси каби миллий брендларимиз халқаро майдонда ҳимоя қилинади
Миллий брендлар ҳар бир халқнинг, миллатнинг фахри, ифтихори, юзи ҳисобланади. Ўз миллийлигининг намоёни саналади. Юртимизда ҳам Чуст пичоғи, Самарқанд нони, Ғиждувон шашлиги каби жой номлари билан машҳур маҳсулотлари брендга айланган.
2022 йилда қабул қилинган географик кўрсаткичлар тўғрисидаги қонунга асосан Адлия вазирлиги томонидан Марғилон адраси, Зомин тандир гўшти, Ғиждувон шашлиги, Чуст пичоғи, Олтиариқ ва Паркент узуми каби 24 та географик кўрсаткичларимиз рўйхатга олинган. Эндиликда улар қаторига яна 49 та брендимиз қўшилади ҳамда улар дунё миқёсида ҳуқуқий ҳимояга эга бўлади.

Шу мақсадга қаратилган “Келиб чиқиш жой номлари ва географик кўрсаткичлар тўғрисидаги Лиссабон битимининг Женева актига (Женева, 2015 йил 20 май) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун лойиҳаси қуйи палата мажлисида муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси мамлакатимизда интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш, миллий маҳсулот ва брендларни халқаро миқёсда ишончли ҳимоялаш борасидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Лиссабон битимининг Женева акти товар келиб чиққан жой номлари ва географик кўрсаткичларни халқаро рўйхатдан ўтказишнинг ягона механизмини белгилайди. Мазкур тизимга қўшилиш орқали Ўзбекистон географик кўрсаткичлар ва товар келиб чиққан жой номларини халқаро миқёсда рўйхатдан ўтказиш бўйича Лиссабон тизимининг тўлақонли иштирокчисига айланади.
Шартнома бир марталик рўйхатдан ўтиш ва бир маротаба тўлиқ божни тўлаш орқали барча иштирокчи давлатларга географик кўрсаткичлар ва товар келиб чиққан жой номларини номуайян муддат давомида муҳофаза этилиши имконини беради. Бу эса маҳаллий тадбиркорларимизга ҳам янги қулайликлар эшигини очиб, ўз ҳуқуқларини халқаро миқёсда амалга оширишда харажатларни қисқартириш ҳамда ортиқча оворагарчиликларни камайтириш имконини беради. Яъни, ҳудудларимизга хос, анъанавий ва миллий маҳсулотлар битта талабнома орқали бир вақтнинг ўзида Женева акти иштирокчи давлатларида муҳофаза қилиниши мумкин бўлади. Бу эса миллий ишлаб чиқарувчилар учун қулай, ихчам ва самарали халқаро ҳимоя механизмини яратади.
Бундай механизм, аввало, Марғилон атласи, Чуст пичоғи, Ғузор тандир гўшти каби юртимизнинг ўзига хос ноёб маҳсулотларини халқаро даражада ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш, уларнинг нуфузи ва харидоргирлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Миллий брендларимизни ташқи бозорларда кенг тарғиб этиш, экспорт имкониятларини ошириш, ҳудудий маҳсулотларнинг қўшимча қийматини юксалтириш ҳамда гастрономик туризмни ривожлантириш учун ҳам янги имкониятлар очилади.
Шунингдек, ҳужжат Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш жараёнини ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда муҳим қадам бўлади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА