Миллий интеллектуал мулк объектлари халқаро даражада ҳимоя қилинади
Сенат ялпи мажлисида “Келиб чиқиш жой номлари келиб чиқиши ва географик кўрсаткичлар тўғрисидаги Лиссабон битимининг Женева актига (Женева, 2015 йил 20 май) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур масала бўйича маъруза қилган Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Аъзамхўжаев мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикасида интеллектуал мулк объектларини, хусусан географик кўрсаткичлар ва товар келиб чиққан жой номларини халқаро миқёсда ҳуқуқий муҳофаза қилиш учун янги имкониятлар яратишини таъкидлади. Бу эса миллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва уларни жаҳон бозорига самарали олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.

Қонун инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, ҳудудий брендларни ривожлантириш, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Сенаторлар маъқуллаган қонун миллий интеллектуал мулк объектларини халқаро даражада ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштиради. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатларини қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодий маконидаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА