Самарқанд декларацияси қабул қилинди
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциацияси(AACC)нинг VII Конгресси ўз ишини муваффақиятли якунлади.
Анжуманнинг “Конституциявий назоратда сунъий интеллект: имкониятлар, ҳуқуқий чегаралар ва процессуал кафолатлар” мавзусидаги иккинчи ялпи мажлисда Ўзбекистон, Мальдив, Малайзия, Покистон, Фаластин, Тайланд, Қирғизистон, Тожикистон конституциявий назорат органлари раҳбарлари, шунингдек, ЕХҲТ ҳамда Африка конституциявий юрисдикциялари конференцияси вакиллари маъруза қилди.
Иштирокчилар сунъий интеллект алгоритмларини суд тизимига жорий этишда қарор қабул қилиш ваколати фақат судьяга тегишли бўлиши шартлиги, алгоритмик холислик, шахсий маълумотлар дахлсизлиги ва процессуал кафолатларни таъминлаш зарурлигини бир овоздан эътироф этдилар.
[gallery-31753]
– Дунё жадал ўзгариб бораётган, технология шиддат билан ривожланаётган бир пайтда конституция асосий ва инсон қадр-қимматини муҳофаза қилувчи таянч бўлиб қолиши керак, – деди Индонезия Конституциявий суди раиси доктор Сухартоё. – Бугун замонавий технология ва сунъий интеллект кўплаб янги имкониятларни очиб бермоқда. Аммо, бу тараққиёт ҳар доим инсонийлик ҳамда конституциявий одил судлов тамойилларига таянмоғи лозим. Шу нуқтаи назардан, Самарқандда ўтказилган конгресс нафақат давримиз синовларига дош берадиган янги ғояларни шакллантириш, балки ассоциация пойдеворини ташкил этувчи ўзаро ишонч, дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим ташаббуслар, таклифлар ўртага ташланган тарихий анжуман бўлди.
Тадбир доирасида минтақалараро ва ташкилотлараро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим учрашувлар ўтказилди. Жумладан, Евросиё конституциявий назорат органлари ассоциацияси вакиллари ҳамда Туркий дунё конституциявий юрисдикциялари конференциясининг ишчи йиғилишлари бўлиб ўтди. Унда глобал ва минтақавий таҳдидлар фонида умумий ҳуқуқий ёндашувларни шакллантириш юзасидан келишиб олинди.
– Самарқанд ҳар доим юксак маданият ва маърифат маркази бўлиб келган, – деди Корея Республикаси Конституциявий суди раиси Сан Хван Ким. – Биз ҳам бу қадимий шаҳарда бўлиб, ҳамкасбларимиз билан бугунги куннинг долзарб масалаларини муҳокама қилиб олганимиздан хурсандман. Сунъий интеллект ва рақамлаштириш замонида бугун инсоният учун жуда катта имкониятлар, қулайликлар яратилмоқда. Шу билан бирга бу жараён бизнинг олдимизга янги вазифалар қўймоқда, муаммолар ечими устида ишлашимизни тақозо этмоқда. Икки кун давомида конгрессда минтақамизнинг йигирмага яқин давлатидан келган ҳамкасбларимиз билан бу борада ўзаро фикрлашдик, тажриба алмашдик ва якунда барча фикр ва хулосаларимизни Самарқанд декларациясида ифода этдик.
VII Конгресснинг ёпилиш маросимида анжуманнинг якуний ҳужжати — Самарқанд декларацияси қабул қилингани эълон қилинди.
Мазкур ҳужжат рақамлаштириш ва сунъий интеллект жадал ривожланаётган даврда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини конституциявий даражада ҳимоя қилиш, судьялар мустақиллигининг процессуал ва технологик кафолатларини мустаҳкамлаш ҳамда Осиё ва дунёнинг бошқа минтақаларидаги конституциявий назорат органлари ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни мустаҳкамлайди.
Ассоциация Президенти, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов конгресс иши юқори савияда ташкил этилгани ва қабул қилинган Декларация минтақада қонун устуворлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшишини таъкидлади.
Тадбир доирасида конгресс қатнашчилари учун Самарқанддаги тарихий-маданий ёдгорликлар, диққатга сазовор масканларга саёҳат ҳам ташкил этилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари