Самарқанд декларацияси: инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро ҳамкорликнинг янги босқичи
Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган фаол ва очиқ ташқи сиёсат нафақат пойтахтимиз Тошкент, балки қадимий Самарқанд шаҳрини ҳам жаҳон сиёсатининг бетакрор марказларидан бирига айлантирди. Бугун Самарқанд шунчаки бой тарихий-маданий мерос маскани эмас, балки глобал кун тартибини белгилайдиган, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг саммитлари ҳамда йиллик ҳисоботлари ўтказиладиган етакчи дипломатик ҳаб сифатида эътироф этилмоқда.
Жумладан, ШҲТ, ТДТ ва “Марказий Осиё” форматидаги тарихий саммитлардан сўнг, Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг VII Конгресси йиғилиши айнан Самарқандда ўтказилгани бунинг яққол исботидир. Хусусан, 1-2 октябрь кунлари қадимий кент яна бир бор Осиё ва дунёнинг энг нуфузли конституциявий одил судлов масканлари вакилларини, ҳуқуқ соҳасининг етакчи намояндаларини ягона мулоқот майдонига жамлади. Ушбу учрашув Ассоциация фаолиятининг жорий натижаларини сарҳисоб қилиш, келгуси устувор вазифаларни белгилаш ҳамда аъзолар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди учун Ассоциацияга 2025–2027 йилларда раислик қилиш – юксак ишонч билан бирга катта масъулият ҳамдир. Бу фақат бир идорага эмас, балки Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларига берилган юксак халқаро баҳо бўлди.
2025 йил 11 ноябрда Ассоциация раислиги Таиланд Қироллиги Конституциявий судидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига расман топширилди. Шу кундан бошлаб Ассоциация доирасидаги ҳамкорликка янги мазмун бериш, ўзаро ишонч, очиқлик, ҳурмат ва амалий мулоқотни янада мустаҳкамлашга изчил ҳаракат қилинмоқда.
Сабаби, халқаро майдонда раислик қилиш бу шунчаки протокол тадбирларини ўтказиш дегани эмас. Бу – адолат меъёрларини глобал даражада шакллантиришда фаол иштирок этиш, миллий манфаатларни халқаро ҳуқуқ тамойиллари билан уйғунлаштириш ва минтақада ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкамлаш деганидир. Ўзбекистоннинг Ассоциацияга раислиги даврида мамлакатимиз тизимли ва кўп томонлама дипломатияни самарали ташкил этиш салоҳиятини яққол намоён этди. Жакарта, Сеул ва Анқарадаги доимий котибиятлар ҳамда марказлар билан узвий мувофиқлашув таъминланиб, Ассоциация фаолиятига янги суръат бағишланди ва VII Конгресснинг муҳим ҳужжати – Самарқанд декларацияси лойиҳаси пухта шакллантирилди. Шу билан бирга, Туркия Конституциявий суди билан имзоланган тарихий меморандум, Сеулдаги халқаро анжуман ва Венеция комиссияси каби нуфузли тузилмалар билан ҳамкорликнинг кенгайиши Тошкентнинг минтақавий ва глобал одил судлов майдонидаги мулоқот етакчисига айланаётганини кўрсатди.
Рақамли трансформация ва сунъий интеллект соҳасида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ёндашув технологияни судья мустақиллиги, инсон қадри ва адолатга эришишга хизмат қилувчи энг масъулиятли восита сифатида белгилади. Жумладан, Президент Фармони билан тасдиқланган 2026-2027 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини рақамлаштиришга мўлжалланган дастур ҳамда 2027 йил 1 августдан синов тариқасида жорий этиладиган “E-KSUD” ахборот тизими миллий суд-ҳуқуқ соҳасининг юқори технологик имкониятларини намоён этмоқда. Бу каби инновацион қадамлар Самарқанд декларациясининг асосий мезони бўлиб, адолатни тезкор, шаффоф ва ҳамма учун очиқ қилишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, фуқароларнинг конституциявий одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш ва инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш йўлида илғор хорижий тажриба пухта ўзлаштирилмоқда. Германия, Корея Республикаси, Туркия, Индонезия каби давлатларнинг конституциявий шикоят ва суд қарорлари ижроси бўйича амалиёти қиёсий таҳлил қилиниб, миллий қонунчиликга татбиқ этилмоқда. Бу ислоҳотлар суверен ва ҳуқуқий давлат сифатида Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқаро манфаатини олий қадрият даражасига кўтариб, инсон ва давлат ўртасидаги адолат кўпригини мустаҳкамлаш борасидаги салмоқли салоҳиятини амалда исботламоқда.
Қолаверса, Самарқанд учрашуви фақатгина сарҳисоб эмас, балки келажакка қўйилган муҳим қадамдир. Хусусан, Ассоциация фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ва конституциявий адолатни мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон томонидан бир қатор таклифлар илгари сурилди.
Жумладан, Ассоциация доирасида рақамли ахборот алмашинувини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш лозим. Бунинг учун аъзо институтлар раислари, Бош котиблари ва халқаро алоқалар учун масъул шахслар ҳақидаги маълумотларни доимий янгилаб бориш, ишчи ҳужжатларни хавфсиз алмашиш ва тўғридан-тўғри мулоқот каналларини такомиллаштириш мақсадга мувофиқ. Шу муносабат билан Ассоциация расмий веб-сайти доирасида аъзо институтлар учун ҳимояланган ишчи ахборот ва ҳужжат алмашинуви бўлимини шакллантиришни таклиф этилди. Бу ишчи жараёнларни тезлаштиради, ҳужжатлар билан ишлашда тизимлилик, узлуксизлик ва ташкилий хотирани таъминлайди.
Шунингдек, Ассоциациянинг доимий тузилмалари ўзаро ҳамкорлигини самарали йўлга қўйиш зарур. Шунинг учун йиллик режаларни ўзаро мувофиқлаштириш, қўшма тадбирлар ва уларнинг натижаларини мунтазам муҳокама қилиб бориш лозим.
Ассоциациянинг халқаро ҳамкорлик доирасини янада кенгайтириш мақсадида Бутунжаҳон конституциявий одил судлов конференцияси, Венеция комиссияси, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизими ва бошқа нуфузли минтақавий ҳамда халқаро тузилмалар билан қўшма тадқиқотлар, эксперт мулоқотлари ва таълим дастурларини ривожлантириш учун янги имкониятларни ишга солиш зарур.
Шу билан бирга, рақамли трансформация ва сунъий интеллект масалаларида мулоқотни тизимли йўлга қўйиш лозим. Бу йўналишда ихтисослашган ишчи механизмни шакллантириш, қиёсий-ҳуқуқий тадқиқотлар олиб бориш, судьялар ва суд ходимлари учун сунъий интеллект, маълумотларни ҳимоя қилиш ҳамда киберхавфсизлик бўйича минтақавий ўқув дастурларини ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясидаги раислиги ҳамда Самарқанд анжумани доирасида илгари сурилган ташаббуслар шунчаки муайян соҳавий муваффақият эмас. Бу – Давлатимиз раҳбари бошчилигида Янги Ўзбекистонда қарор топаётган инсон қадрини улуғлаш, суд-ҳуқуқ тизимини шаффофлаштириш ва ҳуқуқ устуворлигини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотларнинг халқаро майдондаги эътирофидир.
Мамлакатимизнинг глобал кун тартибини белгиловчи ташаббускор марказга айланиши, жумладан, одил судлов соҳасига рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни масъулият билан жорий этиш бўйича илгари сурган концептуал ёндашуви минтақада адолат ва инсон ҳуқуқларини кафолатлашнинг янги стандартларини белгилаб бермоқда.
Хусусан, Самарқанд декларацияси доирасида илгари сурилган устувор йўналишлар ва конституциявий шикоят институтини янада ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар фуқароларнинг миллий ва минтақавий даражада одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли кафолатларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ишонч билан таъкидлаш мумкинки, самарали конституциявий назорат ва мустақил, холис суд тизими мавжуд бўлган жамиятдагина қонун устуворлиги, барқарор тараққиёт ва халқ фаровонлигини таъминлаш учун мустаҳкам замин яратилади.
Самарқандда бўлиб ўтган халқаро Конгресс ҳамда Ўзбекистоннинг ушбу жараёнлардаги фаол раислиги конституциявий адолат тамойилларини қарор топтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда инсон, унинг шаъни ва қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган адолатли жамиятни барпо этишга хизмат қилади.
Нилуфархон САИД-ГАЗИЕВА,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди
Девон раҳбари, ю.ф.д.
ЎзА