Боку шаҳрида “Space Technology Conference-2025” халқаро анжумани бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли тадбирда Яқин Шарқ, Европа, Осиё, Шимолий ва Жанубий Америка, Африка минтақаларидаги 35 мамлакатнинг 400 нафардан зиёд эксперти, шунингдек космик тармоқ бўйича 130 компания вакиллари иштирок этди.
Тадбирда, жумладан, “Ўзбеккосмос” мутахассислари махсус тақдимот билан қатнашиб, қатнашчиларни юртимизда олиб борилаётган фазовий тадқиқотлар ҳамда янги лойиҳалар билан яқиндан таништирди.
Қайд этиш жоиз, мазкур мулоқот майдони самовий тадқиқот ва технология бозори ривожланиш тенденциясини муҳокама қилиш, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро билим ва тажриба алмашиш, сунъий йўлдош имкониятидан ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўлида самарали фойдаланиш, соҳага янги инновация ва лойиҳаларни жорий қилиш каби глобал, космос саноати билан боғлиқ тренддаги мавзулар кўриб чиқилгани билан аҳамиятли.
Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги Космик соҳа бўлими бошлиғи Муҳиддин Иброҳимов анжуманда туркий давлатлар билан бирга илмий сунъий йўлдош яратиш режалаштирилаётганини маълум қилди.

– Бу соҳада бир қатор давлатлар, жумладан Хитой ва Қозоғистон билан ҳамкорлик жараёнига алоҳида таъкидламоқчиман, – дейди мутахассис. – Озарбайжон билан космик технологиялар соҳасида фаол ишлаяпмиз. Айни пайт республикамизнинг соҳадаги шериклари сони 30 дан ошди. Яқин келажакда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 2 фоизи коинотни ўзлаштиришга йўналтирилади.
Хусусан, таълим, интеграция ва инсон ресурсини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. 2028 йил кўҳна кент Самарқандда космонавтика бўйича халқаро конференция ўтказиш, Туркия билан илмий сунъий йўлдош яратиш режалаштирилган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА