"IAC-2028"ни Самарқандда ўтказиш бўйича дастлабки шартнома имзоланди
Анталияда давом этаётган 77-Халқаро астронавтика конгресси доирасида 2028 йилги Халқаро астронавтика конгрессини Самарқандда ўтказиш бўйича дастлабки шартнома имзоланди.
Ҳужжат Халқаро астронавтика федерацияси билан тузилди. Маросимда федерация президенти Габриэлла Арриго, Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, "Ўзбеккосмос" агентлиги директори Шуҳрат Қодиров ҳамда «Сунъий интеллект альянси» ННТ директори Азиз Муҳиддинов иштирок этди.

Бу ҳужжат “IAC-2028”ни Самарқандда ўтказишга тайёргарликнинг муҳим амалий босқичи бўлди. Энди конгрессни юқори савияда ташкил этиш, хорижий меҳмонлар учун зарур инфратузилмани тайёрлаш ва тадбир дастурини шакллантириш бўйича ишлар давом эттирилади.
Шу тариқа, 2028 йилда дунёнинг турли давлатларидан олимлар, муҳандислар ва космос соҳаси мутахассисларини Самарқандда бирлаштирадиган йирик халқаро тадбирга тайёргарликнинг янги босқичи бошланди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА