Саид Аҳмад: Қатағон давридан "Ўзбекистон Қаҳрамони"гача
Тошкент музейида очилган янги кўргазма адиб Саид Аҳмаднинг суронли йиллардаги ҳаёти, шахсий буюмлари ва ноёб архив ҳужжатлари орқали қатағон даврининг аччиқ ҳақиқатини очиб беради.
Кўргазманинг очилиш тадбирида Тошкент музейи мудири Бахтиёр Ходжаев сўзга чиқиб, экспозициянинг тарихий ва маънавий аҳамияти, унда намойиш этилаётган ноёб экспонатлар ҳамда Саид Аҳмаднинг ҳаёти ва тақдирини акс эттирувчи ашёлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, Қатағон қурбонлари хотираси музейи катта илмий ходими Машҳура Дармонова томонидан қатағон даврининг тарихий жараёнлари, адиб тақдирининг ушбу давр билан боғлиқ жиҳатлари ва кўргазмага қўйилган архив материалларининг илмий-тарихий аҳамиятига бағишланган тақдимот ўтказилди.
Маълумки, 1950-йилда Саид Аҳмад Хусанхўжаев “миллатчи” сифатида қамоққа олинган. Шу даврда унинг отаси Хусанхўжа Дадахўжаев, амакиси Оқилхон Дадахўжаев ва акаси Имомхон Хусанхўжаев ҳам қатағон қилинган, адиб эса 1951–1955-йилларда Қозоғистондаги Жезқазған лагерида сақланган. Мазкур даврга оид маълумотлар кўргазма орқали тарихий манбалар ва хотиралар асосида ёритиб берилади.
Тадбирда Саид Аҳмаднинг қизи Нодира Хусанхўжаева отасининг ҳаёти ва ижодий фаолияти, оилавий хотиралари, инсоний фазилатлари, оиласига муносабати ҳамда қатағон йилларидаги ҳаёти билан боғлиқ хотиралари билан ўртоқлашди.
Кўргазма экспозициясидан адибга тегишли шахсий буюмлар, ҳаёти ва ижодига оид ҳужжатлар, оилавий хотира материаллари, қатағон даврига оид тарихий манбалар ҳамда қамоқ йилларига оид ноёб экспонатлар ўрин олган. Ушбу манбалар Саид Аҳмаднинг мураккаб ҳаёт йўли ва ижодий меросини, шунингдек, қатағон даврининг тарихий ҳақиқатларини кенг жамоатчиликка етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Кейинчалик озодликка чиққан Саид Аҳмаднинг ҳаёти ҳам сиёсий босимлар остида кечган бўлса-да, Мустақиллик йилларида унинг миллий истиқлол йўлидаги хизматлари муносиб эътироф этилди ва адиб 1999-йилда Ўзбекистон Қаҳрамони юксак унвонига сазовор бўлди. Бугунги кунда унинг бой ижодий мероси ва мураккаб ҳаёт йўли халқимиз тарихий хотирасининг муҳим қисми сифатида қадрланади.
“Суронли йиллар хотираси” кўргазмаси 10-сентябрга қадар Тошкент музейида давом этади. Кўргазма ташриф буюрувчиларга Саид Аҳмаднинг ҳаёти ва ижоди, қатағон йилларидаги тақдири ҳамда ушбу даврга оид тарихий манбалар билан яқиндан танишиш имконини беради.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/tfg7zGqyKnI" title="Toshkent muzeyida yozuvchi Said Ahmad ko'rgazmasi ochildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Меҳрожиддин Умурзақов, Ойбек Давронов, ЎзА