Ўзбекистон зиёлилари кенгашининг йиғилиши – минглаб мулоҳаза, ягона мақсад
Бугун Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида “Янги Ўзбекистон зиёлилари — миллий юксалиш таянчи” шиори остида Ўзбекистон зиёлилари кенгаши йиғилишининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Кенгаш йиғилишига тайёргарлик доирасида жорий йилнинг 10–14 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий мулоқотлар ташкил этилди. Уларда илм-фан, таълим, маданият, адабиёт, санъат, тиббиёт, инновация ва жамоатчилик соҳалари вакиллари иштирок этди.
Ҳудудий мулоқотлар давомида 2 минг нафардан ортиқ зиёлилар томонидан 3 мингдан ортиқ фикр-мулоҳазалар ва мингга яқин таклифлар билдирилди. Ҳар бир ҳудуддан 15 нафардан, жами 210 нафар вакил республика йиғилишида иштирок этиш учун сараланди.
Икки кун давом этадиган мазкур йиғилишда ҳудудлардан сайланган 210 нафар делегат билан бирга, мамлакатимизнинг етакчи олимлари, академиклар, профессорлар, шунингдек, маънавиятчилар, хотин-қизлар ва маҳалла фаоллари иштирок этмоқда.
Кенгашнинг ялпи мажлиси ва еттита шўъбасида миллий тараққиётимизнинг ғоявий, маънавий, илмий, иқтисодий ва ижтимоий асосларига оид долзарб масалалар муҳокама қилинади.
Нигора Раҳмонова,
Ойбек Давронов (видео),
Искандар Исматов (монтаж), ЎзА