Тарихий бинода замонавий музей
Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги собиқ черков биноси тўлиқ қайта таъмирланиб, этнографик ва табиатшунослик музейи ташкил этилди.
XIX аср охири ва XX аср бошларида барпо этилган бинодан дастлаб черков, сўнгра мактаб сифатида фойдаланилган. Лекин кейинчалик бино қаровсиз ҳолга келиб қолган. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида уч миллиард сўм маблағ ажратилиб, бинода реставрация, таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Тарихий қиёфа ва ўзига хос меъморий хусусиятлари тикланган мазкур бинодан эндиликда Булунғурнинг бой тарихи, этнографик мероси ва табиатини акс эттирувчи этнография ва табиатшунослик музейи сифатида фойдаланилади. Музейда туман ҳудудидаги Шероз қалъа археологик ёдгорлиги ва бошқа тарихий обидалардан топилган ноёб экспонатлар, шунингдек, ҳудуднинг табиати ва этнографиясига оид ашёлар тўпланмоқда.

Музейнинг очилиш маросимида Булунғур туман ҳокими С.Астонов, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси, академик И.Валихўжаев сўзга чиқиб, йиллар давомида қаровсиз ҳолда бўлган тарихий иншоот Булунғурнинг ўтмиши, миллий қадриятлари ва табиий бойликларини намоён этувчи маънавий-маърифий масканига айланишини таъкидладилар.

Очилиш маросими доирасида музейнинг кўргазмалар залида рассом Мустафо Расуловнинг ижодий ишлари ҳам намойиш этилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири