Эстония Россия билан чегарани ёпади (+видео)
Эстония 1 декабрдан бошлаб Россия билан чегарадаги барча назорат-ўтказиш нуқталарини ёпади. Бу ҳақда Болтиқ бўйи давлати Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Бунга шанба куни мамлакатнинг дрон ишлаб чиқарувчи компаниясига нисбатан диверсия уюштирилгани сабаб бўлган. Бош вазир Кристен Михал айтишича, бу ҳодиса Россия ҳарбий разведкаси томонидан ташкил этилган.
Шунингдек, мулозим РФ билан чегарадаги барча ўтказиш манзиллари кейинги ойдан ёпилишини билдирган. Таъкидланишича, Эстонияни қўрқитиш, мамлакатда беқарорлик келтириб чиқариш ёки хавфсизликка путур етказишга уриниш жавобсиз қолмайди. Сарҳадлар ёпилиши Россиянинг Эстония ҳудудида душманлик ҳаракатини амалга ошириш имкониятини чеклайди. Шунингдек, санкцияни айланиб ўтишга қарши курашни кучайтиради.
Ушбу қарордан Финляндия, Латвия ва Литвадаги ҳамкасблар ҳам хабардор қилинган.
Бош вазир баёнотида кучайтирилган хавфсизлик чораси ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг тезкор ҳаракати туфайли “жиддий зарарнинг олди олингани” ҳам қўшимча қилинган. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ҳужумда гумон қилинаётган шахслар қўлга олингани, ҳодиса юзасидан саккиз киши ҳибсга олинганини ёзган.
– Бу Россия Европага қарши олиб бораётган кенг кўламли гибрид урушнинг бир қисми, – деган ҳукумат раҳбари. – Мақсад Украинага ёрдамни, РФга нисбатан босимни сусайтиришдир.
Унинг айтишича, Эстония зарурат туғилса, аҳоли ва миллий хавфсизликка таҳдидни камайтириш мақсадида Россия билан чегарани тўлиқ ёпишга ҳам тайёргарлик кўряпти.
НАТО шарқий қанотида жойлашган Эстония ва мамлакатнинг Болтиқ бўйидаги қўшнилари Россия билан боғлиқ хавфсизлик таҳдидига айниқса сезгир, дея баҳоланади.
Сўнгги вақтда минтақада кибер ҳужум, дронлар рухсатсиз кириб келиши ва диверсияга уриниш ҳақидаги хабарлар кўпайган.
Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА