Россия Хитойдаги энергия танқислигини тўлдирмоқчи (+видео)
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Пекинда Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашиб, Хитойда юзага келган энергия ресурслари танқислигини қоплашга тайёрлигини билдирди, деб хабар берди Euronews
Лавровнинг айтишича, Ҳурмуз бўғози атрофидаги зиддият туфайли айрим мамлакатларда энергия ресурслари танқислиги пайдо бўлган. Россия эса Хитой ва бошқа давлатлар билан тенг ва ўзаро манфаатли асосда ҳамкорлик қилиб, бу камчиликни тўлдириши мумкин.
Россия ташқи ишлар вазирининг таъкидлашича, Яқин Шарқдаги вазиятга боғлиқ бўлиб қолмаслик учун Москва ва Пекин аллақачон турли имкониятларни ишга солмоқда.
Шунингдек, у айрим Европа расмийлари Европа Комиссиясини Россия энергия манбаларидан тўлиқ воз кечиш режасини кечиктиришга чақирганини ҳам айтди.
Бу баёнотлар Лавровнинг Пекинга ташрифи давомида янгради. У Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва ҳамкасби Ван И билан музокаралар ўтказди.
Лавровнинг фикрича, Яқин Шарқдаги ҳозирги инқироз АҚШ ва Исроилнинг «сабабсиз зўравонлиги» натижасида юзага келган бўлиб, уни ҳал қилиш осон эмас. У бу муаммони кескин йўл билан ҳал қилишга уринишлар самара бермаслигини таъкидлади.
Си Цзиньпин эса дунёда юзага келган ҳозирги кескинлик шароитида Россия билан муносабатларни жуда қадрли деб атади.
Пекинда муҳокама қилинган асосий мавзулардан бири, Владимир Путиннинг Хитойга навбатдаги ташрифи бўлди. Лавровнинг таъкидлашича, Путиннинг бу сафари йилнинг биринчи ярмида амалга ошиши мумкин.
Шу билан бирга, Путин бу йил Пекинга икки марта ташриф буюриши айтилмоқда. Аввалроқ Россия президенти маъмурияти унинг ноябр ойида бўлиб ўтадиган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик саммитига таклифни қабул қилганини маълум қилган эди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/DgF00fZTBjE" title="Rossiya Xitoydagi energiya tanqisligini to‘ldirmoqchi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>К.Бекжонов, ЎзА