Россия Федерацияси Администрацияси раҳбари биринчи ўринбосари Тошкентдаги “Свято-Успенск” кафедрал соборида бўлди
Мамлакатимизда ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси Администрацияси раҳбари биринчи ўринбосари Сергей Кириенко бошчилигидаги делегация Рус православ черковининг Тошкент шаҳридаги “Свято-Успенск” кафедрал соборига ташриф буюрди.
Турли динларга эътиқод қилувчи халқлар, миллатлар азалдан тинч-тотув яшаб келаётган Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик тушунчаси давлат даражасида мустаҳкамланган.
Бугунги кунда юртимизда 150 дан ортиқ миллий маданий марказ, 16 та конфессияга мансуб 2300 дан ортиқ диний ташкилот, шу жумладан, Рус православ черкови эркин фаолият олиб бормоқда.
[gallery-28776]
“Свято-Успенск” кафедрал собори рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси ҳамда Ўрта Осиё митрополик округи марказий ибодатхонаси саналади.
Ибодатхона ҳудудида Тошкент ва Ўзбекистон епархияси Диний-маъмурий маркази ҳамда Тошкент христиан семинарияси ҳам фаолият олиб боради.
Юқори мартабали меҳмон ташриф доирасида Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси ва Ўрта Осиё митрополик округи раҳбари митрополит Викентий билан учрашув ўтказди.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ(сурат),
ЎзА