Россия давлат идораси кибер ҳужумга учради
Россия давлат статистика идораси – "Росстат" ўз рақамли тизими ва веб-сайти пухта режалаштирилган кибер ҳужумга учраганини маълум қилди.
Ҳодиса учун жавобгарликни “Белоруссия кибер партизанлари” ва “Silent Crow” хакерлик гуруҳлари зиммасига олган. Ҳужумчилар идора тизимидан 23 терабайт ҳажмдаги, жумладан Россия ва Украина урушида кўрилган йўқотиш тўғрисидаги маълумот, демографик статистика ва махфий ҳужжатлар ўғирлаганини таъкидламоқда.
“Росстат” вакиллари эса хавф вақтида аниқлангани ва ҳеч қандай махфий ахборот сизиб чиқмаганини билдирди. Шунга қарамай, ҳужум пайти идоранинг асосий веб-сайти вақтинча ишламай қолган.
Эслатиб ўтиш жоиз, ушбу хакерлик гуруҳлари илгари “Аэрофлот” ва “Росреестр” каби йирик ташкилотлар тизимига уюштирилган ҳужум билан танилган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА