Францияда йирик киберҳужум қайд этилди
Франциянинг миллий почта оператори - “La Poste” ва унинг банклар бўйича тармоғи “La Banque Postale” Рождество байрами арафасида юз берган киберҳужум сабаб вақтинча ишламай қолди, деб ёзмоқда “Euronews” нашри.
Расмийларга кўра, “DdoC” туридаги ҳужум онлайн хизматларни бутунлай ишдан чиқарган, бироқ мижозлар маълумотлари хавфсиз қолган.
Хакерлар рақамли ҳужжатлар сақланадиган “Digiposte” хизмати ҳамда банк иловасини бузиб киришган. Натижада тўловларни тасдиқлаш ва айрим молиявий операциялар кечиктирилди. Банк вақтинчалик чоралар сифатида СМС орқали тасдиқлаш тизимига ўтди.
Сўнгги ҳафталарда Францияда бир нечта йирик кибер ҳодисалар кузатилмоқда. Аввалроқ Ички ишлар вазирлигига қилинган “ҳужум”да айрим махфий ҳужжатлар ўғирлангани айтилган. Шунингдек, халқаро йўналишдаги паромда масофадан бошқариш имконини берувчи зарарли дастур аниқланиб, тергов бошлангани маълум қилинди.
Расмийлар бу ҳолатларни жиддий баҳолаб, Европа давлатларига қарши олиб борилаётган “гибрид таҳдидлар” фонида хавфсизликни қайтадан кўриб чиқмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА