Риёдга ҳужум G7ни ҳаракатга келтирди
Ямандаги вазият яна кескинлашиши ортидан “Катта еттилик” хусийларни Саудия Арабистонига қарши ҳужумни тўхтатишга чақирди. G7 раҳбарлари гуруҳдан аҳолига тегишли кемаларга таҳдид қилмаслик ва сиёсий жараёнга қайтишни талаб қилди.
Баёнотда хусийлар ҳар қандай ҳарбий ҳаракатни тўхтатиб, сиёсий музокарага “жиддий ният билан” қайтиши лозимлиги айтилди. Буюк Британия Риёдга мудофаа мақсадида ҳавода ёнилғи қуйиш хизмати билан ёрдам бериши, Франция эса хусийлар нишонга олган энергетика объектларини ҳимоя қилишга тайёрлигини маълум қилди. Шунингдек, G7 Эронни гуруҳни қуроллантириш ва қўллаб-қувватлашни бас қилишга чақирди.
Яманда 2014 йил бошланган уруш 2022 йил бироз сусайган эди, аммо июль ойида Саудия ва хусийлар ўртасидаги тўқнашув яна авж олди. Сўнгги ҳафталарда қуролли гуруҳ Қизил денгиз соҳилининг катта қисмини эгаллаб, жаҳон савдоси учун муҳим Боб Ал-Мандиб бўғози устидан назоратни кучайтирди. Янбудаги “Aramco” объектлари ҳам ҳужумга учради. Риёд эса Моха портига зарба берди. Хусийларга яқин SABA агентлиги камида олти киши ҳалок бўлгани ва саккиз киши яраланганини айтди. Зиддият кучайиши денгиз ташуви ва энергия таъминотига босимни ҳам оширмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА