Туркия: мактаб ёнидаги отишмада 11 ўқувчи яраланди
Туркиянинг Маниса вилоятида мактаб ёнида отишма содир бўлиб, 11 ўқувчи яраланди. Улардан икки нафари оғир аҳволда, ҳужумда гумон қилинган ўсмирни полиция ушлаган.
Воқеа Тургутлу шаҳрида маҳаллий вақт билан соат 08:00 атрофида юз берган. Адлия вазири Акин Гюрлек маълум қилишича, гумонланувчининг ота-онаси ва бобоси ҳам тергов доирасида ҳибсга олинган. Ҳодиса жойига полиция ва тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келган, мактабда дарс бир кунга тўхтатилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари қурол ўсмир қўлига қандай тушгани, аслаҳани сақлаш ва назорат қилиш шароити, шунингдек ҳужумдан олдин мактабда таъқиб бўлгани ҳақидаги маълумотни текширмоқда.
Ушбу ҳодиса Туркияда мактаб хавфсизлиги кучайтирилган бир пайтда содир бўлди. Мамлакатда 2026-2027 ўқув йили бошланиши арафасида мактабларда хавфсизлик чоралари бўйича янги протокол имзоланган, 31 000 нафар мактаб назоратчиси ишга жалб этилган ва хавф даражаси юқори таълим муассасаларига полиция ходимлари бириктирилган эди. Бунгача апрель ойида мамлакат жанубидаги икки мактабда кетма-кет қуролли ҳужум содир бўлиб, бирида ўқитувчи ва 10-11 ёшли тўққиз ўқувчи ҳалок бўлган, иккинчисида 16 киши яраланган.
Мусулмон Зиё, ЎзА