Рейтинг орқали рақобат: энди кучли техникумлар аниқланади
Замонавий меҳнат бозори талаблари таълим тизими олдига тобора юқори талаблар қўймоқда. Айниқса, ўрта махсус ва касбий таълим муассасалари фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бирига айланди.
Шу мақсадда техникумлар ва академик лицейлар фаолиятини янада такомиллаштириш, таълим сифатини ошириш ҳамда рақобат муҳитини кучайтиришга қаратилган янги тартиб жорий этилди. Энди ушбу таълим муассасалари учун миллий рейтинг тизими амал қилади.
Жорий йил 15 апрелда Адлия вазирлиги томонидан “Ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотларининг миллий рейтингини юритиш ва касбий таълим ташкилотларини рағбатлантириш тартиби тўғрисида”ги идоравий ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилди.
Янги тартибга кўра, техникумлар ва академик лицейларнинг миллий рейтинглари Таълим сифатини таъминлаш агентлиги томонидан алоҳида шакллантирилади ва юритилади. Рейтинг натижалари бир нечта манбалар асосида шакллантирилади. Жумладан, вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларидаги маълумотлар, таълим муассасаларининг ўзи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ҳамда умуммиллий сўровнома натижалари инобатга олинади.
Шунингдек, ҳар йили 30 майга қадар ўқувчилар, педагоглар ва иш берувчилар ўртасида умуммиллий сўровнома ўтказилиши белгиланган. Ушбу жараён таълим сифатига холис баҳо беришга хизмат қилади.
Миллий рейтинг натижалари эса ҳар йили 10 октябрга қадар эълон қилинади. Энг муҳим жиҳатлардан бири — рейтингда юқори натижа кўрсатган таълим муассасаларини рағбатлантириш тизими. Хусусан, ТОП-50 таликка кирган техникумлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 3000 бараваригача пул маблағи билан тақдирланиши мумкин.
Ажратилган маблағлар аниқ мақсадлар асосида йўналтирилади: унинг 80 фоизи моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, 20 фоизи эса раҳбар ва ходимларни моддий рағбатлантиришга сарфланади.
Мазкур янгиликлар таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш, ўқув жараёни сифатини ошириш ва меҳнат бозори талабларига мос малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА