Ўмон компаниялари билан саноат ва логистика соҳаларида ҳамкорлик кенгайтирилади
Мамлакатлар ўртасидаги шериклик мавжуд иқтисодий салоҳиятни бирлаштириш, инвестициявий имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда янги бозорларга чиқиш учун мустаҳкам замин яратади.
Ўмон Султонлигининг Масқат шаҳрида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов мазкур мамлакатнинг йирик компаниялари, инвестиция фондлари ҳамда молия институтлари раҳбарлари билан учрашув ва музокаралар ўтказди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, мулоқотларда икки мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти, мавжуд имкониятлари ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда электротехника, энергетика, кимё ва тоғ-кон саноати, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ҳамда рақамли технологиялар соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, Ўмон капиталини Ўзбекистондаги девелоперлик ва туризм лойиҳаларига жалб этиш масалалари кўриб чиқилди. Молиявий ҳамкорликни кенгайтириш, инвестициявий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар якунида логистика марказлари тармоғини кенгайтириш, саноат кооперациясини йўлга қўйиш, экспорт ҳажмини ошириш ҳамда истиқболли инвестиция лойиҳаларини илгари суриш бўйича келишувларга эришилди.
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА