Реабилитацияга электрон йўлланма жорий этилди
Ўзбекистонда бир миллиондан зиёд ногиронлиги бўлган инсонлар яшайди. Уларнинг реабилитация марказларига йўлланма олиш жараёни энди электрон тизим орқали қулай ва шаффоф бўлади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойи якунлари бўйича мамлакатимизда амалдаги ногиронлик ҳолатлари сони 1 миллион 58 минг 398 нафарни ташкил этган. Бу кўрсаткич йил бошига нисбатан 9 минг 978 нафарга ёки 0,9 фоизга камайган. Бу рақамнинг ўзиёқ масаланинг кўламини англатади: мамлакатда бир миллиондан зиёд инсон ногиронлик билан яшамоқда. Демак, гап фақат тиббий кўрсаткичлар ҳақида эмас, балки ижтимоий ҳимоя, тиббий хизматлар сифати, реабилитация, бандлик ва қулай муҳит яратиш каби бир-бирига боғлиқ йўналишлар ҳақида ҳам бормоқда.
Ногиронлик ҳолатларининг 65,3 фоизи, яъни 690 минг 619 нафари II гуруҳга тўғри келади. Бу эса амалдаги ногиронлик ҳолатлари таркибида ушбу гуруҳ салмоғи юқори эканини кўрсатади. Ҳудудлар кесимидаги кўрсаткичлар ҳам эътиборга молик. Республика бўйича ногиронлик коэффициенти 2,7 фоизни ташкил этган. Энг юқори кўрсаткич Навоий вилоятида — 4,4 фоиз, Сирдарё вилоятида эса 4,1 фоиз қайд этилган. Энг паст кўрсаткич Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келиб, 2,1 фоизни ташкил этган.
Ҳисобот даврида 267 минг 311 нафар шахсга ногиронлик белгиланган. Шундан 25,1 фоизи бирламчи, 74,9 фоизи эса қайта кўрик натижасида аниқланган. Айниқса, бирламчи ногиронлик ҳолатларига сабаб бўлган касалликлар таркиби эътиборни тортади. Унда қон айланиш тизими касалликлари 17,4 фоиз билан биринчи ўринда, хавфли ўсмалар эса 12,4 фоиз билан кейинги ўринлардан бирини эгаллаган.
Ногиронлик кўрсаткичларини баҳолашда муҳими - ногиронлиги бўлган шахслар учун тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконияти, сифатли реабилитация, таълим олиш, муносиб иш топиш ва жамият ҳаётида тенг иштирок этиш шароитлари қай даражада таъминланаётгани. Чунки ҳар бир статистик рақам ортида алоҳида инсон, унинг оиласи, эҳтиёжлари ва келажакка бўлган умиди турибди. Шу маънода, ногиронлик ҳолатларининг камайиши муҳим кўрсаткич бўлса-да, ногиронлиги бўлган инсонлар ҳаёт сифатининг яхшиланиши ҳам ижтимоий сиёсатнинг асосий мезонларидан бири бўлиб қолиши керак.
Маълумотларга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг реабилитация хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва ортиқча оворагарчиликларни бартараф этиш мақсадида йўлланмалар бериш жараёни электрон шаклга ўтказилмоқда. Эндиликда ногиронлиги бўлган шахслар реабилитация марказларига “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали электрон тарзда, навбат асосида йўлланади. Навбат марказлардаги мавжуд бўш ўринлар ҳисобга олинган ҳолда автоматик шакллантирилади.
Бундан ташқари йўлланма олиш учун ногиронлиги бўлган шахс ёки унинг қонуний вакили бир нечта қулай усулдан фойдаланиши мумкин. Хусусан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари, ижтимоий ходимлар орқали ёки бевосита оилавий шифокорга мурожаат қилиш мумкин. Бунда фуқаро реабилитация хизматини қайси муассасада ва қандай шароитда олишни мустақил танлайди. Хизматлар ҳудудий ёки миллий реабилитация марказларида, амбулатор ёхуд стационар шароитда кўрсатилади. Эътиборлиси, сўровномани кўриб чиқиш, йўлланма бериш ва реабилитация хизматларидан фойдаланиш бепул амалга оширилади. Мурожаат келиб тушганидан сўнг оилавий шифокор беш иш куни ичида тиббий кўрик ўтказади. Агар шахсда белгиланган 569 та тиббий кўрсатмадан камида биттаси мавжуд бўлса ва 26 та қарши тиббий кўрсатманинг бирортаси аниқланмаса, йўлланма электрон шаклда расмийлаштирилади.
Реабилитация хизматларининг такрорий кўрсатилиши ҳам ногиронлик муддатига қараб белгиланади. Жумладан, амбулатор шароитда йилига 2–3 марта, стационар шароитда эса йилига 1–2 марта хизмат олиш имконияти назарда тутилган. Яна бир қулайлик — фуқаролар ўз навбатини реал вақт режимида кузатиб бориши мумкин. Навбат келишига 10 кун қолганда эса уларга SMS-хабарнома юборилади. Ушбу тартиб реабилитация хизматларидан фойдаланишда шаффофликни таъминлаш, навбатларни электрон бошқариш ва ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай шароит яратишга қаратилган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА