Газ баллон нархи ошди, лекин етказиб бериш муддати қисқаради
Самарқанд вилоятида бугунги кунда 526 мингдан ортиқ истеъмолчига ойига 7729 тонна суюлтирилган газ етказиб берилади. 15 ноябрдан бошлаб бу вазифа “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти таъсисчилигида ташкил этилган “LPG-Trade” масъулияти чекланган жамияти Самарқанд филиали томонидан амалга оширилмоқда.
– Давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 сентябрдаги қарорида аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлашнинг барқарор тизимини шакллантириш, соҳада рақобат муҳитини ривожлантириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ҳамда давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг самарадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган эди, – дейди “LPG-Trade” масъулияти чекланган жамияти Самарқанд филиали бўлим бошлиғи Маъруф Пардаев. – Жумладан, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш соҳасидаги функцияларни ихтисослаштириш, ушбу фаолиятнинг молиявий шаффофлигини таъминлаш ва бозор муносабатларини босқичма-босқич жорий этиш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ таъсисчилигида “LPG-Trade” масъулияти чекланган жамияти фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, 2026 йил 15 ноябрдан бошлаб аҳоли учун суюлтирилган газнинг чакана сотиш нархи ҳар бир килограмм учун қўшилган қиймат солиғи билан 5 минг сўм этиб белгиланди. Шу пайтгача бу нарх 2 минг сўм эди ва битта маиший баллон учун истеъмолчилар 40 минг сўмдан тўловни амалга оширарди. Эндиликда 100 минг сўм бўлди.
Бундан буён жамият биржадаги эркин савдодан суюлтирилган газни харид қилиб, истеъмолчиларга килограммини 5 минг сўмдан етказиб беради. Лекин аҳолига чакана нархларда суюлтирилган газ етказиб бериш билан боғлиқ иқтисодий жиҳатдан асосланган харажатларни қоплаш учун “LPG-Trade”га республика бюджети маблағлари ҳисобидан субсидия ажратилади.
Қарорда белгиланганидек, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида суюлтирилган газ сотиб олган, Ижтимоий реестрга киритилган, шунингдек, ушбу реестрга киритилмаган, бироқ моддий аҳволи бўйича реестрдаги оилалар мезонларига тўғри келувчи, оиладаги жон бошига тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг икки бараваридан ошмайдиган оилалар, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилаларга 2030 йил 1 январга қадар харажатларининг бир қисмини қоплаш учун 100 минг сўмга харид қилинган суюлтирилган газ баллоннинг 60 минг сўм пули компенсация сифатида тўлаб берилади.
Ушбу тоифадаги истеъмолчилар компенсация олиш учун бевосита давлат хизматлари маркази ёки “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига мурожаат қилган ҳолда ёки оила яшайдиган маҳаллага бириктирилган ижтимоий ходим орқали, шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва “Ижтимоий карта” мобил иловаси орқали мустақил равишда мурожаат қилиб, белгиланган сўровномани тўлдиради. Мурожаат қилувчининг оиласи компенсация олувчи оилалар тоифасига мансублиги ва суюлтирилган газ харид қилинганлиги аниқланганда, “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида ариза берилган ойдан компенсация тайинлаш тўғрисидаги қарор автоматик тарзда шакллантирилади. Кейинчалик шу рўйхат асосида истеъмолчининг ижтимоий картасига ҳар ой компенсация тўлаб борилади.
Янги тартибга кўра, эндиликда битта турар жой хонадонида икки ва ундан ортиқ оила яшайдиган бўлса ва хонадонда техник талабларга мос бўлган алоҳида-алоҳида (ёки умумий) газ плитаси ҳамда ошхона мавжуд бўлганда, битта кадастр рақамига эга бўлган ҳолатда ҳам, истисно тариқасида, ҳар бир оилага алоҳида биттадан маиший газ баллон ажратилади. Бунда “Маҳалла еттилиги” ва газ таъминоти ходимлари томонидан ўша хонадон ўрганилиб, далолатнома расмийлаштирилади.
Маъруф Пардаевнинг таъкидлашича, ҳозирда вилоятда янги тартиб асосида аҳолига суюлтирилган газни етказиб бериш йўлга қўйилган ва айни пайтда барча маҳаллаларда белгиланган жадвал бўйича газ тарқатилмоқда. Яқин орада газ баллонни 45 кун оралиқда етказиб бериш графигига тушиб олиш ва кейинчалик бу муддатни бир ойгача қисқартиришга эришилади. Бунинг учун филиалга қарашли газ тўлдириш шохобчалари ва 130 та техника имкониятидан самарали фойдаланилмоқда.
Келгусида тизимга хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳам жалб қилиш кўзда тутилган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири