Рақиб эмас, шерик: Си Цзиньпин нима демоқчи?
Замонавий дунёда халқаро сиёсат тақдирини белгилаётган энг муҳим омиллардан бири АҚШ ва Хитой муносабатидир.
Ер юзидаги бу икки қудратли иқтисодиёт, икки глобал таъсир маркази ўртасидаги ҳар қандай яқинлашув ёки кескинлик нафақат Америка ва Чин ўлкалари, балки бутун жаҳон иқтисодиёти, хавфсизлиги ва геосиёсий барқарорлигига таъсир кўрсатади. Шу маънода АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Пекинга ташрифи шунчаки дипломатик учрашув эмас, балки XXI аср халқаро муносабатларининг янги йўналишини белгилаши мумкин бўлган муҳим сиёсий воқеадир. “China Daily” нашри шу ҳақда мулоҳаза юритган.
Сўнгги йиллардаги АҚШ ва Хитой муносабати савдо уруши, тариф, технология бўйича чеклов натижасида юзага келган геосиёсий рақобат билан хоссаланади. Шунга қарамасдан бу мамлакатлар иқтисодиёти ўзаро чамбарчас боғлиқлигича қолмоқда. АҚШ бозори Хитой маҳсулотлари учун ҳадсиз бозор, ХХР иқтисодиёти эса америкалик сармоядорлар, технология ва молиявий хизмат учун бебаҳо макон ҳисобланади.
Эътиборли жиҳати шундаки, 2025 йил АҚШнинг Хитой билан савдо тақчиллиги кескин қисқарди. Расмий маълумотга кўра, айни кўрсаткич 295,5 миллиард доллардан 202,1 миллиард долларга тушган. Бу бир йил ичида қарийб 32 фоиз пасайиш, демак. Шу билан бирга жами товар айирбошлаш қиймати 414 миллиард доллардан ошгани ҳам муҳим ҳақиқатни кўрсатади: Вашингтон ва Пекин глобал иқтисодий тизимни бир-бирисиз тасаввур қила олмайди.
Бугунги мураккаб дунёда АҚШ ва Хитойни фақат рақиб сифатида кўриш тор сиёсий қараш, чунки замонавий хавф-хатар чегара танламайди. Иқлим ўзгариши, энергетика ва кибернетика хавфсизлиги, сунъий интеллект назорати, пандемия, молиявий инқироз каби таҳдидлар фақат ҳамкорликда ҳал этилади.
Раис Си Цзиньпиннинг “Хитой ва АҚШ рақиб эмас, шерик бўлиши керак” деган баёноти шу нуқтаи назардан алоҳида аҳамиятга эга. Дастлаб оддий дипломатик жумла сифатида қабул қилинадиган бу гап аслида янги геосиёсий фалсафани англатади. Зеро, XXI аср йирик давлатларининг очиқча тўқнашуви бутун инсоният учун иқтисодий ва гуманитар фалокат келтириши эҳтимоли йўқ эмас.
АҚШ – Хитой муносабатидаги ҳар қандай кескинлик халқаро бозорда беқарорлик, энергия нархи ўсиши, таъминот занжири бузилиши ва геосиёсий қарама-қаршиликни кучайтиради. Шу боис Трампнинг Пекинга ташрифи янги мулоқот эшигини очиши мумкин. Айниқса, қишлоқ хўжалиги, юқори технология, яшил энергетика, электр автомобили ва сунъий интеллект соҳаларидаги шериклик ҳар икки иқтисодиёт учун беқиёс имконият яратади.
Таълим ва маданий алмашинув ҳам ўзаро муносабатни юмшатувчи муҳим омил бўлиб қолмоқда. Охирги йигирма йил юз минглаб хитойлик талаба Америка университетларида таҳсил олди. Бундай боғлиқлик нафақат иқтисодий фойда келтиради, балки халқлар ўртасидаги ишонч ва англашув муҳитини ҳам кучайтирди.
Қолаверса, глобал бозор ҳам Вашингтон ва Пекин мулоқотини диққат билан кузатмоқда. Зеро, инвесторлар учун энг катта хавф – ноаниқлик. Барқарор муносабат эса иқтисодий ўсиш, сармоя ва ишонч муҳитини кучайтиради.
Албатта, бу икки давлат ўртасида барча масалалар бўйича тўлиқ келишувга эришилиши қийин. Савдо, хавфсизлик ва геосиёсий манфаат билан боғлиқ зиддият сақланиб қолиши эҳтимоли кучли. Бинобарин, тарих кўрсатадики, мулоқот ва дипломатия ҳар қандай изоляция ёки босим сиёсатидан самарали.
Инсоният янги геосиёсий бурилиш палласида турибди. Ҳозир АҚШ ва Хитой рақобатида ким кучлилигини исботлаш ножоиз. Асосий масала икки қудратли куч соғлом рақобатни вайронкор тўқнашувга эмас, балки бошқариладиган, ўзаро манфаатли муносабатга айлантира олишида. Агар Вашингтон ва Пекин амалий ҳамкорлик йўлини танласа, бу нафақат икки давлат, балки бутун дунё учун янги барқарорлик даврини бошлаб бериши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА