Рақамли технологиялар вазирлиги ва IT-Парк томонидан Дубай шаҳрида “Uzbekistan Outsourcing Conference” тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирни вазир Шерзод Шерматов ўз нутқи билан очиб берди.
Ундан кўзланган асосий мақсад юртимизда IT соҳасида давлатимиз томонидан яратилган шароитлар билан хорижий бизнес вакилларини таништиришдан иборат бўлди.
Рақамли технологиялар халқаро маркази ташкил этилгани, 2024 йил 1 июндан 5 йилгача бўлган муддатга Марказда хорижий компаниялар учун қўлланиладиган махсус ҳуқуқий режим эксперимент тариқасида жорий қилингани айтиб ўтилди.
Тадбирга БАА ва Яқин Шарқнинг АКТ соҳасида фаолият юритаётган 57 та компания вакиллари ташриф буюрди.
Тадбир давомида "Kanoo Group" компанияси бошқарув директори, “Amity Group” корхонаси вице-президенти, “IDA Ireland”нинг Яқин Шарқ мамлакатлари бўйича маслаҳатчиси сўзга чиқди.


Улар Ўзбекистон ҳукуматининг бизнесни юритишга кўмаги, ёшларнинг салоҳияти ва IT-Парк ҳудудида барпо этилиши режалаштирилаётган Халқаро рақамли технологиялар маркази ҳақида фикрлар билдирилди.
Тадбир давомида ўз экспорт салоҳиятини янада ошириш истаги билан ташриф буюрган IT-Паркнинг 7 та резиденти ҳамда уларнинг хизматларига қизиқиш билдирган компания раҳбарлари ўртасида B2B учрашувлар ташкил қилинди.

Тадбир иштирокчилари жорий йилнинг март ойида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилаётган “Outsourcing Tour” тадбирига таклиф этилди.
Н.Раҳмонова, ЎзА мухбири.