Рақамли технологиялар соҳасини ривожлантириш бўйича муҳим амалий чоралар кўрилади
Рақамли технологиялар йўналишидаги ишларни янада ривожлантириш устида иш олиб борилмоқда. “Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”ги конституциявий қонун шу мақсадда ишлаб чиқилди.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида мазкур қонун муҳокама қилинди. Конституциявий қонун билан марказ ҳудудида махсус ҳуқуқий режимни яратиш, хусусан, рўйхатга олиш, лицензиялаш ва тадбиркорлик тартиб-таомилларини соддалаштириш, тижорат операцияларини тартибга солишда халқаро стандартларни қўллаш назарда тутилаётгани қайд этилди.

Марказ фаолияти йўлга қўйилиши натижасида 2030 йилга қадар юртимизда рақамли хизматлар экспортини 5 миллиард АҚШ долларига етказиш мумкин.
Иқтисодиётимизда юқори даромад келтирувчи 300 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Шунингдек, кўплаб иқтидорли ёшлар юртимизда қолиб иқтисодиёт ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшишига шароит яратилади.
Сенаторлар томонидан конституциявий қонун IТ соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини ошириш, рақамли секторга кириб келадиган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кўпайтириш, рақамли технологиялар соҳасида янги иш ўринлари яратиш, IТ хизматлари экспорт ҳажмини кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Муҳокама якунида қонунни навбатдаги ялпи мажлис кун тартибига киритиш юзасидан қўмита қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА