Рақамли технологиялар соҳаси ривожида парламентнинг иштироки
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида барча соҳа ва йўналишлардаги натижалар сарҳисоб қилинар экан, қатор ютуқларга эришилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Жумладан, рақамлаштириш, соҳаларга замонавий технологияларни кенг жорий қилиш ва электрон хизматларни кўпайтириш борасида қатор саъй-ҳаракатлар амалга ошириб келинмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан мустақиллик йилларида мамлакатни инновацион ривожлантириш, соҳалар ва тармоқларга замонавий ахборот технологияларини жорий этиш борасидаги ислоҳотларда парламентнинг иштироки масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Депутатлар, вазирлик ва идоралар, илмий-таҳлилий марказлар вакиллари, экспертлар, Ёшлар парламенти аъзолари иштирокида ўтган тадбирда ўтган даврда мамлакатни инновацион ривожлантириш, замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва мазкур соҳаларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришда парламентнинг роли ва иштироки сарҳисоб қилинди.
Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда рақамли технологиялар давлат бошқаруви, иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимларида кенг қўлланилмоқда. Аҳолига қулай ва тезкор хизмат кўрсатилиб, давлат органлари фаолиятида очиқлик таъминланмоқда.
Бу каби жараёнларнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашда парламентнинг ўрни муҳим. Сўнгги йилларда “Электрон ҳукумат тўғрисида”, “Киберхавфсизлик тўғрисида”, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”, “Телекоммуникациялар тўғрисида”, “Космик фаолият тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида” ҳамда “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонунларнинг янги таҳрирлари эса рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун зарур ҳуқуқий шароитларни кенгайтирди.
Бундан ташқари, инновацион ривожланиш соҳасида ўнга яқин қонун қабул қилиниб, янги ғоялар, илмий ишланмалар ва замонавий технологияларни амалиётга жорий этишнинг ҳуқуқий механизмлари мустаҳкамланмоқда.
Муҳокамаларда парламент олдида янги муносабатларни тезкор тартибга соладиган қонунларни қабул қилиш билан бирга, уларнинг жойларда қандай ишлаётганини назорат қилиш вазифаси ҳам тургани, рақамли янгиланишнинг самараси ҳар бир фуқаро ҳаётида сезилишига эришиш муҳимлиги таъкидланди.
Назорат-таҳлил фаолияти доирасида “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси, таълим ва тиббиётга рақамли технологияларни жорий этиш, соҳага йўналтирилаётган бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан парламент эшитувлари ва “ҳукумат соатлари” ўтказилаётгани, мутасадди идораларга депутатлик ва парламент сўровлари юборилаётгани қайд этилди.
Муҳокамаларда сунъий интеллект технологияларини қўллаш бўйича яхлит ҳуқуқий асосни шакллантириш, киберхавфсизлик ва шахсга доир маълумотлар муҳофазасини кучайтириш, рақамли хизматлар сифатини ошириш каби келгусидаги устувор вазифаларга ҳам эътибор қаратилди.
М.Комилова,
ЎзА