Рақамли платформалар қандай назорат қилинади?
Рақамли иқтисодиёт жадал ривожланаётган бугунги кунда онлайн платформалар фаолиятини самарали тартибга солиш ва соғлом рақобат муҳитини таъминлаш долзарб масалалардан бирига айланмоқда. Шу боис, 1-3 июнь кунлари Рақобат қўмитасида халқаро ўқув семинари ташкил этилди.
Унда БРИКСнинг Рақобат ҳуқуқи ва сиёсати халқаро маркази директори Алексей Иванов бошчилигидаги делегация ҳамда марказ экспертлари Даря Котова ва Кирилл Энтин иштирок этиб, рақамли бозорларни монополияга қарши тартибга солиш бўйича халқаро тажриба ва замонавий ёндашувлар ҳақида маърузалар тақдим қилди.

Семинар давомида рақамли иқтисодиётда бозор чегараларини белгилаш, монополияга қарши қонунчиликни трансчегаравий қўллаш, шунингдек рақамли бозорлардаги қўшиб олиш ва қўшиб юбориш битимларини баҳолаш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Айниқса, рақамли платформалар билан боғлиқ гипотетик ҳолатлар асосида ташкил этилган кейс-семинарлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Уларда Ўзбекистон шароитида рақобатни таъминлашнинг энг мақбул механизмлари муҳокама қилиниб, халқаро тажрибани миллий амалиётга татбиқ этиш бўйича фикр алмашилди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА