Андижонда маҳалла тизимига оид устувор вазифалар муҳокама этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 24 июнда қабул қилинган “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятини “маҳалла еттилиги” аъзоларига кенг тушунтиришга бағишланган ўқув семинарлари республикамизнинг барча ҳудудларида изчил ташкил этилмоқда.
Шундай семинарлардан бири Андижон вилоятида ҳам ўтказилди. Унда шаҳар ва туманлардан ташриф буюрган мутасаддилар, соҳада фаолият юритаётган масъул ходимлар, шунингдек, “маҳалла еттилиги” аъзолари иштирок этди. Семинар Андижон шаҳар ҳокимлиги биносидаги мажлислар залида онлайн форматда ташкил қилиниб, унда фармонда белгилаб берилган устувор вазифалар ва уларнинг ижросини таъминлаш механизмлари ҳақида атрофлича фикр юритилди.
[gallery-30291]
Тадбир давомида Президент Фармонида белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти, маҳалла тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсадлари, аҳоли билан манзилли ишлаш самарадорлигини ошириш, шунингдек, “маҳалла еттилиги” фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган муҳим йўналишлар хусусида тушунтиришлар берилди.
Айниқса, маҳаллаларда аҳоли мурожаатлари ва муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ҳамда бартараф этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан ишлаш, давлат идоралари ва секторлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, белгиланган вазифалар ижросини тизимли ва самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Семинарда маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ўрнини янада кучайтириш, жойларда профилактика, бандлик, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва маънавий-маърифий йўналишларда олиб борилаётган ишларни мувофиқлаштиришда “маҳалла еттилиги”нинг масъулиятини ошириш муҳим экани таъкидланди.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ(сурат),ЎзА