Рақамли бозорларда адолатли рақобатни таъминлаш масалалари кўриб чиқилди
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан “Рақамли платформа операторларини монополияга қарши тартибга солиш: халқаро тажриба, тенденциялар ва Ўзбекистон Республикаси учун тавсиялар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда маҳаллий ва хорижий рақамли платформа операторлари, соҳа мутахассислари, давлат идоралари вакиллари ҳамда Жаҳон банки экспертлари иштирок этиб, рақамли бозорларда рақобатни таъминлашнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашди.

Тадбир доирасида БРИКСнинг Рақобат ҳуқуқи ва сиёсати маркази директори, Жаҳон банки эксперти Алексей Иванов маъруза қилиб, рақамли платформалар фаолиятини тартибга солиш бўйича дунё амалиётида кузатилаётган ўзгаришлар, янги қонунчилик ташаббуслари ва рақамли бозорларда соғлом рақобатни таъминлашга қаратилган замонавий ёндашувлар ҳақида маълумот берди.

Муҳокамалар чоғида рақамли платформаларнинг устун мавқеини баҳолаш мезонларини такомиллаштириш, йирик глобал платформалар учун махсус тартиб-таомилларни жорий этиш, бозор иштирокчилари учун тенг имкониятлар яратиш, рақобатни чекловчи омилларни бартараф этиш ва бозорга киришдаги маъмурий ҳамда иқтисодий тўсиқларни қисқартириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир якунида билдирилган фикр ва таклифлар рақамли иқтисодиёт шароитида миллий рақобат сиёсатини янада такомиллаштириш, илғор халқаро тажрибани Ўзбекистон амалиётига татбиқ этиш ҳамда рақамли бозорларда очиқ, шаффоф ва самарали рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА