Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “Digital Generation Uzbekistan” ННМ билан ҳамкорликда жорий йилнинг 6-7 январь кунлари “Рақамли авлод қизлари ”Республика танловининг ҳудудий босқичи ташкил этилмоқда.
Унда танловнинг туман(шаҳар) босқичида ғолиб бўлган қизлар иштирок этмоқда. Ҳудудий босқичда ҳар бир ҳудуддан энг юқори балл эгаллаган 1, 2 ва 3-ўрин соҳиблари (ҳар бир ёш тоифаси бўйича) Республика босқичига йўлланмани қўлга киритади. Танловда иштирокчи қизлар таълим, сунъий интеллект, яшил иқтисодиёт ва иқлим ўзгариши каби йўналишларда ўз тақдимотлари билан иштирок этяпти.
“Рақамли авлод қизлари” танлови 2021 йилдан буён доимий равишда ўтказиб келинади. Ҳозирга қадар унда 100 минг нафардан ортиқ қизлар иштирок этди. Танловнинг дастлабки босқичида 92 минг нафардан ортиқ қизлар қамраб олинди.
[gallery-27003]
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Рақамли авлод қизлари”да нафақат ўзбекистонлик, балки соҳага қизиқувчи хорижлик ўқувчилар ҳам қатнашиб келмоқда. Хусусан, ўтган йиллар давомида лойиҳада Бирлашган Араб Амирликлари, Афғонистон, Озарбайжон, Иордания ва Хитойдан ҳам қизлар ўз лойиҳалари билан иштирок этди.
Мазкур лойиҳа доирасида ўтган давр мобайнида иштирокчи қизлар томонидан 400дан ортиқ лойиҳалар ишлаб чиқилган. 2024-2025 йилларда лойиҳада ғолиб бўлган қизлар Бирлашган Араб Амирликлари ва АҚШда таълим саёҳатида бўлди. Таълим саёҳати давомида иштирокчилар шаҳарларнинг диққатга сазовор жойлари билан биргаликда Emirates National School, Гарвард, Массачуссетс технология институтларидаги таълим жараёнлари билан танишди.
Жорий йилда ҳам ғолиб иштирокчилар хорижий давлатга таълим саёҳати йўлланмасини ютиб олади.
– Ушбу танловда ёмғир сувидан унумли фойдаланиб, уни суғоришда муаммоси бўлган ҳудудларга кўмак беришни кўзловчи лойиҳам билан қатнашаяпман, – деди Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 11-синф ўқувчиси Беназир Абдулакимова. – Унинг дастлабки стартап жараёни, статистикаси, модель шакли ҳам яратилган. Мазкур лойиҳа аввал лаборатория шароитида ишлатилди. Кейинчалик уни мактаб иссиқхонасида қўллаш кўзда тутилмоқда. Бундай танловлар ўз лойиҳаларимизни кенг жамоатчиликка тақдим этиш, иқтисодий кўмакка эга бўлиш, рақамли технологиялар соҳасида билимларимизни янада бойитишда катта ёрдам беради.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров(суратлар),
ЎзА мухбирлари