Бугун АОКАда ўтказилган брифингда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқарма бошлиғи Саодат Ибрагимова “Қуёшли хонадон” дастури бўйича хонадонларга қуёш панелларини ўрнатиш ишлари ҳақида атрофлича маълумот берди.
Унда айтилишича, жамият томонидан ижтимоий ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамда иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллигининг олдини олиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ, Солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган "Soliq" мобиль иловасида “Қуёшли хонадон” хизмати орқали 2025 йилнинг бошига қадар 34 минг 147 та ариза келиб тушган. Аризалардан 180 таси кўриб чиқилаётган бўлса, 25 минг 289 таси қабул қилинган ва уларга 113 МВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилган.
Бундан ташқари, “Soliq” мобиль иловасидаги “Қуёшли хонадон” дастури орқали аризалар берилган, лекин баъзи хонадонларда қуёш панеллари ўрнатилмаган ёки электр тармоғига уланмагани сабабли 8 минг 677 та аризачига тушунтириш берилган.
2023 йилдан бугунга қадар 47 мингдан ортиқ аҳолида 13,5 миллион киловатт соат ижобий фарқ аниқланиб, Давлат солиқ қўмитасига субсидия ажратиш учун рўйхатлар юборилган. 2024 йилда 10 минг 826 нафар жисмоний шахс қуёшдан ишлаб чиқилган электр энергияси учун 12 миллиард сўмдан ортиқ субсидия олган.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА