Қуёш панелларини ўрнатган фуқароларга 73,9 миллиард сўмдан ортиқ субсидия ажратилди
Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва аҳолини “яшил энергия”дан фойдаланишга рағбатлантириш сиёсати изчил давом этмоқда. Хусусан, “Қуёшли хонадон” дастури доирасида фуқароларга ажратилаётган субсидиялар ҳажми йилдан-йилга ошиб бораётгани ушбу йўналишга бўлган қизиқишни янада кучайтирмоқда.
Солиқ қўмитасининг маьлум қилишича, 2026 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, 45,2 минг нафар жисмоний шахс томонидан ишлаб чиқарилиб, ягона электр энергетика тизимига узатилган қуёш энергияси учун давлат бюджетидан жами 73 миллиард 982 миллион сўм миқдорида субсидия тўлаб берилди. Бу кўрсаткич аҳолининг энергия мустақиллигини таъминлашга интилаётганини ва муқобил энергия манбаларига ўтиш жараёни жадаллашганини кўрсатади.
Субсидия маблағларининг ҳудудлар кесимида тақсимоти ҳам диққатга сазовор. Энг юқори улуш Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келиб, ушбу ҳудудда яшовчи фуқароларга 16,5 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган. Кейинги ўринларда Хоразм вилояти (13,3 миллиард сўм) ва Қашқадарё вилояти (9,1 миллиард сўм) қайд этилган. Бу эса айни ҳудудларда қуёш энергиясидан фойдаланиш инфратузилмаси нисбатан тезроқ ривожланаётганини англатади.
Бундай рағбатлантириш механизмлари нафақат аҳолининг харажатларини қисқартириш, балки мамлакат энергетика тизимига тушаётган юкламани камайтиришга ҳам хизмат қилади. Айниқса, ёз мавсумида электр энергиясига бўлган талаб кескин ошадиган шароитда, хонадонлар томонидан ишлаб чиқарилаётган қўшимча энергия тизим барқарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Дастур доирасида субсидия олиш жараёни ҳам тўлиқ рақамлаштирилган. Фуқаролар маблағларни Soliq мобиль иловасининг “Кэшбек ва имтиёзлар” хизмати орқали, “Қуёшли хонадон” бўлимидаги махсус ойна орқали тўғридан-тўғри банк карталарига ўтказиб олиш имкониятига эга. Бу эса ортиқча қоғозбозлик ва вақт сарфини бартараф этиб, жараённи содда ва шаффоф қилади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб амалга киритилган тартибга кўра, қуёш панеллари ўрнатган жисмоний шахсларга улар томонидан ишлаб чиқарилиб, электр тармоқларига узатилган ҳар бир киловатт-соат энергия учун 1000 сўм миқдорида субсидия ажратилиши белгиланган. Ушбу механизм қисқа вақт ичида ўз самарасини кўрсатиб, аҳоли ўртасида “яшил технологиялар”га бўлган қизиқишни сезиларли даражада оширди.
Таҳлилларга кўра, келгуси йилларда бундай дастурлар кўламини янада кенгайтириш орқали нафақат энергия тежамкорлигини таъминлаш, балки экологик барқарорликка эришиш ҳам мумкин. Шу маънода, “Қуёшли хонадон” дастури нафақат иқтисодий, балки экологик аҳамиятга эга стратегик ташаббус сифатида намоён бўлмоқда.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА