Қуёш панелларини ўрнатиш масаласи муҳокама қилинди
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастурида кам таъминланган аҳоли хонадонларига давлат субсидияси асосида қуёш панелларини ўрнатишни қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Шу муносабат билан партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Кун тартибидаги асосий масала — Маҳаллаларда кам таъминланган аҳоли хонадонларига давлат субсидияси асосида қуёш панеллари ўрнатилиши муҳокама қилинди. Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси мутахассиси Даулетназар Қурбаназаров маъруза қилиб, субсидия дастурининг амалга оширилиши, хонадонларни танлаш мезонлари ҳамда бугунги кунда олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда аҳолини арзон ва барқарор энергия билан таъминлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ҳамда кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Айниқса, маҳаллаларда кам таъминланган аҳоли хонадонларига давлат субсидияси асосида қуёш панелларини ўрнатиш ишларининг ҳолатини депутатлик назорати тартибида ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Шу орқали мазкур дастур ижросини холис баҳолаш, ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилаётганини таҳлил қилиш, субсидияларнинг ҳақиқатан эҳтиёжманд оилаларга етиб бориши ҳамда ўрнатилаётган қуёш панелларининг сифати ва самарадорлигини назорат қилиш имконияти яратилади.
Йиғилишда “Ҳудудий электр тармоқлари” Энергосавдо филиали Қорақалпоғистон бўлинмаси қайта тикланувчи энергия манбаларининг ҳисобини юритиш бўлими бошлиғи Мадияр Смайлов ўрнатилаётган қуёш панеллари бўйича фуқаролар ва ҳудудий электр корхоналари ўртасида шартномалар тузиш тартиби, электр тармоқларига уланиш жараёнлари ҳамда амалдаги механизмлар юзасидан ахборот берди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича лойиҳа офисидан масъул Азиз Медегенов республикада энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ҳамда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар юзасидан маъруза қилди.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида дастур ижросини янада такомиллаштириш, давлат субсидияларининг манзиллилиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда депутатлик назоратини кучайтириш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Партия фракцияси томонидан мазкур йўналишдаги ишлар устидан тизимли депутатлик назорати бундан буён ҳам изчил давом этади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири