Хилқат
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Президент фармонига кўра бир қатор хотин-қизлар давлат мукофоти билан тақдирланди. Улар орасида Шайхонтоҳур туманидаги “Lotus Gaz Invest” масъулияти чекланган жамиятининг минорали кран машинисти Зиёда Супиева ҳам бор.
Зиёда 41 ёшида мамлакатимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига қўшаётган самарали ҳиссаси учун “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. У 10 йилдан буён 100-120 метр баландликдаги кранда ишлайди.
– Ушбу мукофотни мен Президентимиз томонидан оилам, фарзандларимга бўлган эътибор нишонаси деб қабул қилдим, – дейди З.Супиева. – Мукофотни олиб уйга қайтган куним фарзандларим мендек онаси борлигидан фахрланишларини айтишди. Она учун болаларидан бундай гап эшитиш ёқимли, албатта.
Зиёдани маҳалладошлари, дугоналари “кранчи аёл” деб чақиради. У бу касбни эгаллаши, маҳоратини ошириши учун йиллаб меҳнат қилди. Олмос чархлангани сайин ялтирагани каби у ҳам тинмай ишлади, меҳнатдан қочмади. Дастлаб, 60 метрлик кранни бошқарди. Сўнгра 120 метрли кранни унга ишониб топширишди. Бу касбнинг ўзига яраша қийинчиликлари, масъулияти ҳақида сўраганимизда у шундай жавоб берди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/IPPp0NMNxxM" title="Qurilish malikasi: “Men oʻqiganimda yaxshi rahbar boʻlar edim”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>– Ёмғирли, қорли кунларда 800-900 дона зиналарни босиб, тепага чиқиб тушишнинг ўзи бўлмайди. 120 метр баландликдаги кранни бошқариш ерда юрадиган машинани бошқаришдан бир неча маротаба қийинроқ, масъулияти каттароқ. Чунки кранчи ўз ишини сифатли бажаришдан ташқари, пастда ишлаётган ишчиларнинг ҳам ҳаётига жавобгардир. Унинг биргина қалтис ҳаракати туфайли одамларнинг соғлиғи, ҳаётига зарар етиши мумкин. Ахир у кранида 10-15 дона ғиштни эмас, бутун бошли уйнинг томини ёпадиган оғир бетонларни ташийди, у ёқдан бу ёққа ҳаракатлантиради. Бу касбни уддалаш учун жуда катта сабр, матонат керак. Кўп ёшлар ўрганиш учун келиб, 1-2 ой ишлаб, “Опа кранингиз ўзингизга буюрсин”, деб кетиб қолади.
Аёл – нозик хилқат, бундай ишларни эркаклар бажариши керак, дейдиганлар ҳам бор. Аммо Зиёда бундай гапларга эътибор бермай, мақсади сари олға интилади. Орзуси олий маълумотли бўлиш эди. Афсуски, ўқиш учун имкон топилмади. Дастлаб заводда оддий ишчи бўлиб ишлади, у ишлаган заводнинг соғлиққа зарари кўплиги учун касбини ўзгартирди. Кранчиликка ўқигач, қурилишда иш бошлади.
– Касбимни яхши кўрганим учун унча-мунча қийинчиликлар сезилмайди, – дейди Зиёда. – Қанча баландликка чиқсам, шунча енгил тортаман. Ўзимни худди қуш каби учиб чиққандек ҳис қиламан. Тепаликка чиқиб ишлашнинг завқи бошқача, айниқса, кечқурун чироқлар ёниб, шаҳар яна ҳам чиройли бўлиб кетади. Шаҳарнинг гўзаллигига маҳлиё бўлиб ишлаб, қийинчиликларни ҳам унутаман. Келгусида 50 қаватли бинолар қурилар экан. 200-300 метр баландликдаги кранларга чиқиб ишлаш ниятидаман.
Нигора Раҳмонова, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА