Ўзбекистон ва Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси ўртасида тузилган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумда ўзбек ва қозоқ ёш ижодкорларининг асарларини таржима қилиб, чоп этиш ва биргаликда тақдимотларини ўтказиш белгиланган.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлими бошлиғи Рустам Мусурмон ҳамда «Ёшлик» журнали бош муҳаррири Нурулла Чориев иштирокида ёш қозоқ шоирларининг жами 100 та шеъри ўзбек тилига таржима қилинди ва чоп этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида қозоғистонлик ёш ижодкорлар делегацияси иштирокида маданий тадбирлар ҳамда «100 шеър» тўплами тақдимоти ўтказилди.
Тақдимот тадбирида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Қалдибек Сейданов, уюшма аъзоси Фахриддин Ҳайит, Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази раҳбари Серикбай Усенов ва бошқалар барча жабҳаларда бўлгани каби икки мамлакат ўртасидаги адабий ришталар ҳам тобора мустаҳкамланаётганини таъкидлади.
Тадбирда халқларимизнинг Алишер Навоий ва Абай Қўнонбоев, Ойбек ва Мухтор Авезов, Ғафур Ғулом ва Собит Муқонов каби улуғ намояндалари ва бошқа кўплаб атоқли олимлар, мутафаккир ва шоирлар мероси бизнинг умумий бойлигимиз экани алоҳида қайд этилди.
"Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бу каби дўстлик кечалари доимий ўтказилади, – деди уюшма аъзоси Фахриддин Ҳайит. – Ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб, дунёдаги адабий жараёнлар қандай кечаётганини ўргандик. Ўтган йилларда 20 нафар ижодкор ёшларимизнинг 100 та шеъри қозоқ тилига таржима бўлганди. Эндиликда биз ҳам қозоқ адабиёти вакилларининг шеърларини ўзбек тилига таржима қилиб, нашр эттирдик. Бу нашр ўзбекистонлик ўқувчиларимизга манзур бўлди. Бундай эзгу ишлар адабий алоқаларимизни, дўстлик кўпригини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади".
"Биз тақдири, томири бир бўлган халқлармиз, – деди Қозоғистондаги «Адабиёт олами» марказининг «Ёш қалам» уюшмаси раҳбари Муратхан Шоқан. – Оққан дарё оқаверар экан. Пандемия пайтида ҳамкорлигимиз бироз сусайгандек бўлди. Яқиндагина Президентимиз Қасим-Жомарт Тоқаев давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди. Мамлакатларимиз раҳбарлари дўстлик алоқаларининг тобора мустаҳкам қарор топтиришга астойдил интилмоқдалар. Эндиликда халқларимиз ўртасидаги адабий ҳамкорлик тобора кенгаймоқда. Дўстлик, биродарлик, ҳамжиҳатлик ришталарининг янада мустаҳкамланишида биз-ижодкорлар ҳам ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак, деб ўйлайман".
Тадбирда ўзбек-қозоқ адабий алоқаларининг аҳамияти, икки халқнинг ёш ижодкорлари ва «100 шеър» тўпламининг аҳамияти хусусида батафсил сўз юритилди. Ёш шоирларнинг ижод намуналари тингланди.
Шу куни қозоғистонлик ижодкорлар делегацияси аъзолари «Янги Ўзбекистон» боғи, Адиблар хиёбони, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тарихи музейи ва бошқа тарихий масканларга саёҳат қилдилар.
Н.Усмонова, ЎзА