Ёш ижодкорларнинг илк китоблари чоп этилди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан «Биринчи китобим» лойиҳаси доирасида 7 нафар ёш ижодкорнинг чоп этилган китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.
Ёзувчилар, шоирлар, драматурглар, адабиётшунос олимлар, таржимонлар, ёш ижодкорлар илк китоби чиққан ижодкорларнинг ота-оналари иштирок этган маросимда муаллифларга қалам ҳақи ва ўз китоблари топширилди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, уюшма раиси ўринбосари Нодир Жонузоқ сўзга чиқиб, ёш ижодкорларни илк китоблари билан қутлади. Бугунги кунда адабиёт аҳлига, айниқса, ёш ижодкорларга берилган имкониятлар ҳақида гапирди.


Ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад, адабиётшунос олим Сувон Мели «Биринчи китобим» лойиҳасида чоп этилган китобларнинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида гапирди. Ҳар бир китоб ҳақида шахсий мулоҳазаларини билдирди.
Адабий кечани Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботир Эргаш олиб борди.
–Ўзим Самарқандда фаолият юритаман, –дейди Ориф Комилов. – Касбим шифокор. Шеър ёзиш ҳаётимнинг бир бўлагига айланишга улгурди. Бугун илк китобим устозлар эътирофи билан чоп этилиб, кенг жамоатчиликка тақдим этилаётганидан бошим осмонга етди. «Xаёл рақси» шеърий китобимга турли йилларда ёзилган шеърларим киритилган. Ҳали кўп китоблар чиқариш, толмай ижод қилиш ниятимиз бор.


Тақдимоти ўтказилаётган китоблар “Adabiyot” нашриётида 5000 нусхадан чоп этилди. Мазкур китобларга Луқмон Бўрихон, Салим Ашур, Зебо Мирзаева, Одил Икром, Нурилло Чори, Жонтемир Тоштемиров каби ёзувчи ва шоирлар муҳаррирлик қилган.
Ориф Комиловнинг «Хаёл рақси», Фаррух Ҳасановнинг «Ичкари», Шаҳзод Эргашалиевнинг «Уфққа туташ йўл», Тозагул Жуманованинг «Бахт калити», Роҳилабону Ғўччиеванинг «Оласойнинг олмаси», Жалолиддин Саиднинг «Чўққи», Дилшод Рўзиқуловнинг «Деҳқони сўз»китоблари «Ижод» жамоат фонди томонидан чоп этилган.
Лойиҳа доирасида 9 нафар ёш ижодкор Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилиниб, гувоҳномалар топширилди.

– Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлганимга кўп бўлмади, –дейди шоир Нодир Жонузоқ. – Бу оддий аъзолик эмас, кишига масъулият юклайди. Шу ҳисни туйиб ижод қилиш керак. Эсимда, 1998 йил Зоминда ўтказиладиган ёш ижодкорларнинг семинарида ғолиб топилиб, Абдулла Орипов томонидан уюшма аъзолигига тавсия қилинган эдим.
Аммо аъзолик гувоҳномамни олишга хижолат бўлганман. Олмаганман. Унда жуда ёш эдим. Аъзолик шундай нарсаки, катта дарғалар– ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад билан, шоир Усмон Азим билан бир сафда туришдек машаққатли, бажарилиши мушкул юкни елкангизга юклайди. Ана шу машаққатларни мудом енгиб ўтиб толмай ижод қилиш керак.
Тақдимот маросими якунида йиғилганларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси «Ижод» жамоат фонди томонидан чоп этилган янги китоблардан улашилди.
Д.Маматова, ЎзА