Қорақалпоғистон Республикасининг чекка ҳудудлардан бири бўлган Қораўзак туманида бетакрор дизайнга эга замонавий бино қад ростлади. Туман Давлат хизматлари маркази ходимлари энди ташриф буюрувчиларга кенг ва ёруғ, шинам хоналарда барча қулай шароитларда хизмат кўрсатади.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов, Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи М.Абдижалиев, туман ҳокими У.Утамбетов иштирок этди.
[gallery-4118]
Марказда зал бўйлаб жойлаштирилган белгилар давлат хизматларидан фойдаланиш учун кетма-кетликда йўналтиради. Электрон навбат олиш учун “QMATIC” ва инфокиоск ишлаб турибди. Талонни олиб, кўтиш залидаги шинам ўриндиқларда кутиш мумкин. Мониторлар орқали эса навбат келгани ҳақида хабардор қилиб, қайси қабул ойнасига ўтиш кераклиги кўрсатилади.
Янада қулайлик яратиш мақсадида марказда болалар майдончаси, давлат божларини тўлаш учун махсус касса ишлаб турибди. Ташриф буюрувчилар бепул Wi-Fi дан фойдаланиш имконига эга.
Имконияти чекланган фуқароларга ҳам бир қанча қулайлик яратилган. Умуман олганда, ҳар бир фуқарога қулай бўлиши учун алоҳида эътибор берилган бўлиб, жамиятнинг барча қатлами манфаати ҳисобга олинган. Бу ерда 10 та қабул ойнаси орқали 160 тан ортиқ давлат хизматини олиш мумкин.
– Замонавий бино барча учун қулай бўлди, – дейди туман Давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи Алишер Досимбетов. – Чунки аввалги марказ биносига фуқароларнинг қатнови ноқулай эди. Янги бино эса барча учун қулай жойда жойлашган.
Қораўзак туманида 52 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ўтган 2020 йил давомида жисмоний ва юридик шахсларга 21 мингдан зиёд давлат хизмати кўрсатилган бўлса, жорий йил давомида 20 мингдан ортиқ давлат хизмати кўрсатилди. Бу ўз навбатида Давлат хизматлари марказларига бўлган эҳтиёжнинг ошганидан далолат беради.
Шунингдек, марказ биносида туман Халқ қабулхонаси, Бош вазир қабулхонаси ва ФҲДЁ бўлими жойлашган.
Марказ янги биноси очилишининг илк кунида тумандаги намунали ва ёш оилаларнинг бири Халмуратовлар оиласи қонуний никоҳдан ўтди. Инсон ҳаётидаги энг қувончли дамларини мана шундай кўркам биноларда илк бор қонуний қайд эттириши ҳам катта бахт.
Яратилган бундай шароитлар фуқароларнинг вақтини тежаш билан бирга давлат хизматларидан тез ва қулай фойдаланиш имкониятини беради.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА