1 ноябрь куни Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков раислигида бўлиб ўтган халқ таълими соҳасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Қорақалпоғистон Республикасида мактаб ўқувчиларига бепул тушлик бериш билан боғлиқ муаммо ҳам танқидий муҳокама қилинди. Бу ҳақда ЎзА мухбири хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2022 йилдан бошлаб Хоразм ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида 1-4 бошланғич синф ўқувчилари учун бепул тушлик бериш йўлга қўйилган эди. Ўтиб бораётган янги ўқув йилида Хоразм вилоятида кейтеринг усулида бепул овқат бериш 94 фоиз мактабларда йўлга қўйилган бўлса, Қорақалпоғистонда тендер танловларини ўтказиш давом этаётганлиги боис ушбу амалиёт ҳали тўлиқ бошланмагани ҳақида маълумот берилди.
Мазкур масала юзасидан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси Қаҳрамон Сариев маълумот берди. Унинг маълум қилишича, тендер савдоларининг бир қисми якунланиб, 19 сентябрдан бошлаб айрим мактабларда бепул тушлик бериш бошланган. Шунингдек, октябрь ойида ҳам тендер танловлари давом эттирилган, тез орада охирги тендер савдолари ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Сардор Умурзаков Президентнинг хайрли ташаббуси ижросига нисбатан масъулларнинг бундай сусткашликка йўл қўйгани учун эътироз билдирди. Гап бошланғич синф ўқувчиларининг овқатлари ҳақида кетаётганини, бу масалага мутлақо панжа ортидан қараш мумкин эмаслигини, давлат бюджетидан барча тегишли маблағлар ажратилиб, молиявий масала бирорта муаммо йўқлигини алоҳида таъкидлади.
[gallery-9388]
Қорақалпоғистонда ўқувчиларга бепул тушлик тарқатилаётгани бўйича Халқ таълим вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда Ҳисоб палатаси вакиллари иштирокида текшириш ўтказилиши маълум қилинди.