“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 10-моддасида давлат харидида рақобат ва холислик принципига амал қилиш зарурлиги акс этган.
Унга кўра, давлат харидларидаги рақобат харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари ўртасидаги, давлат харидлари электрон тизимларининг операторлари ўртасидаги ва ихтисослашган ташкилотлар ўртасидаги тортишув, харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқишда ҳамда холис ва асосли мезонлар асосида энг мақбул таклиф фойдасига якуний қарор қабул қилишда беғаразлик ва шаффофлик механизмларидан фойдаланиш ҳисобидан қўллаб-қувватланади.
Давлат харидларининг холислиги харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқишдаги, шунингдек, энг мақбул вариант фойдасига якуний қарор қабул қилишдаги беғаразликни назарда тутади.
Давлат харидларининг холислиги харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларига тенг имкониятларни таъминлашга, давлат харидлари субъектлари ўртасида рақобатни ва уларга нисбатан беғаразликни таъминлайдиган шарт-шароитларни яратишга, давлат харидлари жараёнида шикоятлар, низолар ва келишмовчиликларни кўриб чиқишнинг ҳамда тегишли чора-тадбирлар кўришнинг очиқ, ошкора ва тортишув механизмларига асосланади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилаётган ўрганишларда қонуннинг мазкур талаблари бузилаётгани аниқланмоқда.
Масалан, Бухоро тиббиёт институти буюртмаси асосида бошланғич қиймати 8,6 миллиард сўмлик “ақлли иссиқхона қуриш хизмати кўрсатиш” юзасидан ўтказилган давлат харидида қатор қонунбузилиш ҳолатлари содир этилган. Яъни, айнан ушбу давлат харидида қонун талабларига зид равишда ҳаракат қилингани аниқланди.
Ўрганиш давомида ушбу танловда иштирокчилар учун рақобатни сунъий равишда чекловчи шартлар киритилгани, танлов ҳужжатларида акс этган талаблар асосида таклифлар тўлиқ ва холис баҳоланмагани, шунингдек, баҳолаш жараёнида қатор хатоликларга йўл қўйилгани тасдиқланди.
Қайд этилган ҳолат юзасидан Агентликнинг тақдимномаси асосида харид комиссиясининг ғолибни аниқлаш ҳақидаги баённомалари бекор қилиниб, ноқонуний давлат харидининг олди олинди.
Ўрганиш вa таҳлиллар жараёнида тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА