Қонун устуворлиги – истеъмолчи манфаатларининг ишончли кафолати
Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш ва қонуний манфаатларни ишончли ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Бугун истеъмолчи ўз ҳақ-ҳуқуқи бузилганда мурожаат қилиш, адолатни тиклаш ва етказилган зарарни қоплатиш учун кенг ҳуқуқий имкониятларга эга.
Зарафшон шаҳрида фуқаро қурилиш компанияси билан икки хонали хонадон сотиб олиш бўйича шартнома тузиб, умумий қиймати 295 миллион сўм бўлган уй учун 136 миллион сўм маблағни тўлаган. Бироқ қурилиш ишлари сифатсиз бажарилгани ва хонадон белгиланган муддатда топширилмагани сабабли истеъмолчи шартномани бекор қилиш ҳамда тўланган маблағни қайтаришни талаб қилади. Аммо бир неча бор қилинган мурожаат қурилиш компанияси раҳбари томонидан эътиборсиз қолдирилади. Шундан кейин фуқаро Зарафшон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилади.
Мурожаат юзасидан жамият ходимлари томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида фуқаро келтирган важлар ўз тасдиғини топди. Томонлар ўртасидаги низони ўзаро келишув асосида ҳал этишнинг имкони бўлмаганидан сўнг жамият истеъмолчининг қонуний манфаатларини кўзлаб судга даъво аризаси киритди.
Суд ишни ҳар томонлама кўриб чиқиб, даъво талабларини тўлиқ қаноатлантирди. Суд қарорига мувофиқ қурилиш фирмаси зиммасига истеъмолчининг тўлаган 136 миллион сўм маблағини қайтариш мажбурияти юклатилди. Натижада мазкур маблағ тўлиқ ундирилиб, фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими фақат суд орқали эмас, балки мурожаатларни тезкор ўрганиш ва ўзаро келишув асосида ҳал этишда ҳам самарали натижа бермоқда.
Нурота тумани Мустақиллик маҳалласида яшовчи фуқаро А.Е. хонадони учун 7 миллион 590 минг сўмга 165 дона шифер сотиб олган. Бироқ том ёпилгандан кейин ёғингарчилик пайтида сув ўта бошлаган ва маҳсулотнинг сифати талаб даражасида эмаслиги аниқланган. Сотувчига қилинган мурожаатлар ижобий натижа бермаганидан кейин истеъмолчи Нурота туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди.

Жамият мутахассислари ҳолатни ўрганиб, тадбиркорга амалдаги қонунчилик талабларини тушунтирди. Олиб борилган ҳуқуқий ишлар натижасида фуқаро хонадонидаги барча сифатсиз шиферлар янгисига алмаштириб берилди.
Бу каби мисоллар мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг амалдаги самарасини яққол намоён этмоқда. Энг муҳими, фуқароларда ўз ҳуқуқини талаб қилиш, қонунга таяниш ва адолатга эришишга бўлган ишонч тобора мустаҳкамланмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири