Истеъмолчи манфаати ҳимояда
Истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бузилган ҳуқуқларини тиклаш ҳамда уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси фаолиятининг устувор йўналишларидан биридир.
Зарафшон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан фуқаро Жанибек Романовнинг мурожаати асосида унинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида судга даъво аризаси киритилди.
Маълум бўлишича, фуқаро “M.C.Z.” МЧЖ билан тузилган шартномага асосан хонадон сотиб олиш учун 150 миллион сўм тўловни амалга оширган. Бироқ шартнома бекор қилинганига қарамасдан, тўланган маблағ истеъмолчига қайтарилмаган.
Ушбу ҳолат юзасидан Федерация вакиллари истеъмолчининг манфаатларини кўзлаб, ҳуқуқий чоралар кўрди ва унинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида судга мурожаат қилди.
Зарафшон туманлараро судида мазкур фуқаролик иши кўриб чиқилиб, иш материаллари, тарафларнинг тушунтиришлари ҳамда тақдим этилган ҳужжатлар атрофлича ўрганилди.
Якунда суд фуқаронинг фойдасига қарор чиқариб, тўланган маблағ ундириладиган бўлди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири