Қўмондон ва аскарлар учрашуви
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида жойлашган Сафарбарлик чақирув резерви батальонида ёш ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг қонуний ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясини янада кучайтириш мақсадида «Қўмондон ва аскарлар учрашуви» шиори остида очиқ мулоқот ўтказилди.
Тадбирда Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони, Гулистон ҳарбий прокурори ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгаши масъуллари иштирок этиб, ёш ҳарбий хизматчилар билан очиқ ва самимий мулоқот қилди.

Учрашув давомида ҳарбий хизматчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улар учун яратилган ижтимоий-ҳуқуқий кафолатлар, ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда таълим, касб-ҳунар, илм-фан, спорт ва тадбиркорлик соҳаларида мавжуд имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, ҳарбий хизматни шараф билан адо этиш, Ватанга садоқат, юксак масъулият ва хизмат интизомига қатъий амал қилиш ҳар бир ҳарбий хизматчининг муқаддас бурчи экани алоҳида таъкидланди.



Мулоқот савол-жавобларга бой тарзда ўтди. Ёш ҳарбий хизматчилар томонидан билдирилган таклиф ва мурожаатлар тингланиб, улар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ҳамда масъулларга тегишли вазифалар юклатилди.

— Бугунги кунда ёш ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш устувор вазифаларимиздан биридир. «Қўмондон ва аскарлар учрашуви» каби мулоқотлар ёшларнинг ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, уларнинг фикр ва ташаббусларини эшитиш, энг муҳими, қўмондонлик билан шахсий таркиб ўртасидаги ўзаро ишончни янада кучайтиришга хизмат қилади, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгашининг ҳарбий қисм ва муассасаларидаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўлими бошлиғи, капитан Фурқатжон Азимов.

Тадбир якунида хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб, юқори натижаларга эришган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди. Шунингдек, уларга китоблар совға қилиниб, китобхонлик маданиятини юксалтириш, маънавий дунёқарашини бойитиш ва интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган эзгу ташаббуснинг аҳамияти алоҳида эътироф этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири