Янги руҳ, юксак парвоз: “Президент олимпиадаси” — иқтидорларни кашф этиш ва камолга етказиш тизими
Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёш авлоднинг жисмоний ҳамда маънавий салоҳиятини юксалтириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва уларни профессионал спортга йўналтириш бугунги кунда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-маънавий ислоҳотларнинг энг устувор йўналишларидан биридир. Зеро, жисмонан соғлом ва руҳан баркамол авлод мамлакат тараққиёти, миллат келажаги ҳамда халқаро майдондаги нуфузининг асосий кафолати ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда спорт инфратузилмасини тубдан модернизация қилиш, жаҳон стандартларига мос замонавий спорт мажмуаларини барпо этиш, мураббий-педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш, оммавий спортни маҳаллалар ва таълим муассасалари даражасида кенгайтириш ҳамда иқтидорли ёшларни шаффоф ва адолатли саралаш тизимини такомиллаштиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев спорт соҳасини ривожлантиришга бағишланган нутқида бу борадаги стратегик вазифаларга тўхталиб, жумладан, шундай таъкидлаган эди: “Донишмандлар айтганларидек, иродаси кучли инсон, халқ ва миллатни енгиб бўлмайди. Айниқса, спорт қандай буюк куч, қандай юксак ўрнак ва намуна эканини бугунги тантанали маросимда иштирок этаётган сиз, ҳурматли спортчиларимиз, соҳа фахрийлари, устоз-мураббийлар яхши биласиз. Агар сизлар ўзингиздаги катта тарбиявий салоҳият ва ҳаётий тажрибани ёшларимизга сингдирсангиз, уларни билимли ва ақлли, ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялашга ҳисса қўшсангиз, сизлардан халқимиз ҳам, Президент ҳам миннатдор бўлади. Чунки турли зарарли ғоя ва таъсирлар кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб даврда ёш авлодимизни ҳар томонлама соғлом этиб тарбиялаш ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Мен бу борада спортни тарбиядан, тарбияни эса спортдан айри ҳолда тасаввур этолмайдиган сиздек ҳурматли спортчилар, фахрийларимиз ва устоз-мураббийларга таянаман”.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу даъвати спорт ва тарбия уйғунлигини таъминлаш, ёшларни нафақат жисмоний чиниқтириш, балки уларда кучли ирода, ватанпарварлик ва ғалабага бўлган ишончни шакллантириш нақадар долзарб эканини яққол кўрсатади. Халқаро спорт майдонларида – Олимпия ва Осиё ўйинларида, жаҳон чемпионатларида эришилаётган юксак натижаларни изчил давом эттириш учун эса энг аввало қуйи бўғинлардаги саралаш ва тайёргарлик тизимини илмий асосда қайта кўриб чиқиш зарур. Ана шундай муҳим вазифаларни рўёбга чиқариш мақсадида ташкил этилган “Президент олимпиадаси” бугунги кунда мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларидаги иқтидорли ўғил-қизларни кашф этиш, уларнинг яширин имкониятларини юзага чиқариш ва миллий терма жамоалар учун муносиб захира шакллантиришнинг муҳим таянчига айланди.
Замонавий спорт илми шуни исботлайдики, юқори спорт натижаларига эришиш фақат жисмоний куч, чидамлилик ва машғулотлар ҳажми билан чекланмайди. Айниқса, ўсмирлик даврида – 13–17 ёш оралиғида спортчи организмида кечадиган жадал физиологик ва руҳий ўзгаришлар даврида унинг психологик тайёргарлиги, мусобақа олди ҳаяжонини жиловлай олиши, фикрни бир нуқтага жамлаши, ўз кучига бўлган ишончи, юкламадан кейинги тўлақонли тикланиш жараёни, уйқу ва овқатланиш режими, шунингдек, мураббийнинг индивидуал ёндашуви ҳамда оилавий қўллаб-қувватлаш муҳити ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Мазкур омилларни илмий жиҳатдан чуқур таҳлил қилиш мақсадида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети тадқиқотчилари томонидан университетимизда ўтказилган “Президент олимпиадаси”нинг енгил атлетика, қиличбозлик ҳамда бокс спорт турлари бўйича финал босқичида иштирок этган 157 нафар спортчи-ўқувчи ўртасида кенг қамровли социологик ва педагогик тадқиқот олиб борилди.
Тадқиқотда қатнашган ёш спортчиларнинг таркибий таҳлили шуни кўрсатдики, иштирокчиларнинг 57,1 фоизи енгил атлетика, 30,4 фоизи қиличбозлик ва 12,5 фоизи бокс спорт тури вакилларидир. Ёш кўрсаткичлари бўйича эса қатнашчиларнинг асосий қисмини – 64 фоизини 13–14 ёшли ўсмирлар, 36 фоизини эса 15–17 ёшли ўқувчилар ташкил этди. Уларнинг тайёргарлик масканлари ўрганилганда, аксарият қисми, яъни 69,1 фоизи ихтисослаштирилган спорт мактабларида, 14,5 фоизи умумтаълим мактаблари қошидаги спорт тўгаракларида, 10,9 фоизи хусусий спорт клубларида ҳамда 5,5 фоизи бир вақтнинг ўзида бир нечта спорт муассасасида мунтазам шуғулланиши аниқланди. Бу кўрсаткич юртимизда спорт мактаблари тизими иқтидорли ёшларни етиштиришда етакчи ўрин тутишини тасдиқлаш билан бирга, умумтаълим мактаблари ва хусусий секторнинг ҳам соҳадаги улуши ортиб бораётганидан далолат беради.
Спортчи-ўқувчиларнинг спорт стажи ва мусобақа тажрибаси таҳлил қилинганда, 35,7 фоиз иштирокчи 3–4 йилдан буён, 33,9 фоизи 5 йил ва ундан ортиқ вақт давомида, 26,8 фоизи 1–2 йил, фақат 3,6 фоизи 1 йилдан кам муддат мобайнида спорт билан мунтазам шуғулланиб келаётгани маълум бўлди. Эътиборли жиҳати шундаки, финалчиларнинг 83,6 фоизи илгари ҳам республика миқёсидаги йирик мусобақаларда иштирок этиб, муайян тажриба тўплаган бўлса, 16,4 фоизи учун ушбу нуфузли турнир илк йирик синов майдони бўлди.
Тайёргарлик жараёнининг сифати ва спортчиларнинг жисмоний ҳолатини баҳолаш натижалари умумий манзаранинг ижобий эканини кўрсатди. Хусусан, сўровномада қатнашган ўқувчиларнинг 80,4 фоизи финал босқичидаги ўз жисмоний тайёргарлигини юқори баҳолаган (“жуда яхши” — 39,3 фоиз, “яхши” — 41,1 фоиз), 12,5 фоизи ўртача, 3,6 фоизи қониқарсиз деб топган, яна 3,6 фоизи эса ўз ҳолатини баҳолашга қийналган. Финал олдидан берилган машғулот юкламалари 43,6 фоиз спортчининг функционал имкониятларига тўлиқ мос келган бўлса, 27,3 фоизида юклама бироз юқори, 10,9 фоизида жуда юқори, аксинча 10,9 фоизида етарли даражада бўлмагани қайд этилди (7,3 фоизи жавоб беришга қийналган). Мусобақа олдидан тўлақонли тикланиш ва дам олиш масаласида 43,6 фоиз ўқувчи тўлиқ, 30,9 фоизи асосан, 23,6 фоизи қисман улгурганини билдирган, 1,8 фоизида эса дам олиш учун вақт умуман етишмаган. Натижада тайёргарлик босқичида 49,1 фоиз иштирокчида жисмоний ҳолат билан боғлиқ шикоятлар кузатилмаган бўлса-да (“сезиларли муаммо бўлмади” — 40 фоиз, “барчаси жойида” — 9,1 фоиз), қолган қисмида одатдагидан кўпроқ чарчоқ (27,3 фоиз), мушакларда оғриқ ва ноқулайлик (12,7 фоиз), уйқу режимининг бузилиши (7,3 фоиз) ҳамда машғулотларга бўлган иштиёқнинг пасайиши (3,6 фоиз) каби зўриқиш аломатлари аниқланди. Бу рақамлар ўсмир спортчилар билан ишлашда юклама ва тикланиш мувозанатини қатъий назорат қилиш зарурлигини яққол исботлайди.
Мусобақанинг ташкилий жиҳатлари ва яратилган шарт-шароитлар спортчилар томонидан юқори баҳоланди. Иштирокчиларнинг 83,4 фоизи беллашувлар ўтказилаётган масканларда ичимлик суви, соғлом овқатланиш, чигалёзди машқлари (исиниш) ва дам олиш учун шароитларни етарли (“барча шароитлар етарли” — 55,6 фоиз, “асосан етарли” — 27,8 фоиз) деб эътироф этди, фақат 5,6 фоизи қисман етарли, 5,6 фоизи етарли эмас деб ҳисоблаган (5,6 фоизи баҳолашга қийналган). Мусобақа жадвалининг спортчилар жисмоний ҳолати ва дам олиш вақтига мутаносиблиги бўйича 46,4 фоиз қатнашчи тўлиқ мослигини, 30,4 фоизи асосан мос келганини, 16,1 фоизи қисман мослигини ва 7,1 фоизи ноқулай бўлганини билдирган. Беллашувлар жараёнида 50,9 фоиз спортчининг жисмоний ҳолатига ҳеч қандай салбий омил таъсир кўрсатмаган бўлса, қолган иштирокчиларда тўпланиб қолган чарчоқ (20 фоиз), чиқишлар орасидаги дам олиш вақтининг қисқалиги (14,5 фоиз), спорт жиҳозлари ёки иншоотлар билан боғлиқ айрим қийинчиликлар (5,5 фоиз), ноқулай жадвал (3,6 фоиз), ташкилий камчиликлар (3,6 фоиз) ҳамда жисмоний оғриқ (1,8 фоиз) натижаларга муайян даражада таъсир қилгани кузатилди.
Тадқиқотнинг энг муҳим ва илмий жиҳатдан қимматли қисми ёш спортчиларнинг мусобақа пайтидаги психологик ҳолатини 5 балли махсус шкала асосида чуқур таҳлил қилишга қаратилди. Натижалар шуни кўрсатдики, юқори жисмоний тайёргарликка қарамай, кўплаб ўсмир спортчиларда руҳий барқарорлик борасида жиддий бўшлиқлар мавжуд. Хусусан, финал старти олдидан кучли ҳаяжонланиш ҳисси 40 фоиз спортчида юқори даражада (4 балл — 16,4 фоиз, 5 балл — 23,6 фоиз), 36,4 фоизида ўртача (3 балл) намоён бўлган, атиги 23,6 фоизи ўзини хотиржам тутган (1 балл — 14,5 фоиз, 2 балл — 9,1 фоиз). Кўзланган натижага эриша олмасликдан хавотирланиш 30,3 фоиз ўқувчида юқори (4 балл — 10,7 фоиз, 5 балл — 19,6 фоиз), 35,7 фоизида қисман кузатилган, 33,9 фоизи эса бундай руҳий босимни сезмаган (1 балл — 23,2 фоиз, 2 балл — 10,7 фоиз). Мусобақанинг қизғин палласида 54,5 фоиз иштирокчи диққатни жамлашда қийналмаган бўлса-да (1 балл — 34,5 фоиз, 2 балл — 20 фоиз), 23,6 фоизи қисман, 21,8 фоизи эса фикрини бир жойга тўплашда жиддий қийинчиликка дуч келган (4 балл — 10,9 фоиз, 5 балл — 10,9 фоиз).
Мураббий ва шогирд ўртасидаги руҳий алоқа таҳлил қилинганда, беллашув вақтида мураббий кўрсатмаларини тўғри тушуниш ва амалда бажариш қобилияти 50,9 фоиз спортчида юқори (4 балл — 16,4 фоиз, 5 балл — 34,5 фоиз), 29,1 фоизида қисман шакллангани, бироқ 20 фоиз ёш спортчида ҳаяжон туфайли мураббий ўгитларини қабул қилиш даражаси паст экани (1 балл — 12,7 фоиз, 2 балл — 7,3 фоиз) ойдинлашди. Мураккаб ва кескин вазиятларда ўзини қўлга олиш ва хотиржамлаштириш кўникмаси 47,2 фоиз ўқувчида яхши ривожланган (4 балл — 20,8 фоиз, 5 балл — 26,4 фоиз), 32,1 фоизида қисман, 20,7 фоизида эса етарли даражада эмас (1 балл — 7,5 фоиз, 2 балл — 13,2 фоиз). Рақибларнинг хатти-ҳаракати ва устунлиги 45,5 фоиз иштирокчининг ўзига бўлган ишончига таъсир қилмаган (1 балл — 29,1 фоиз, 2 балл — 16,4 фоиз), 38,2 фоизига қисман, 16,4 фоизига эса кучли салбий таъсир ўтказган (4 балл — 9,1 фоиз, 5 балл — 7,3 фоиз).
Спортда муваффақият қозонишнинг муҳим шартларидан бири – йўл қўйилган хатодан сўнг тезда ўзини ўнглаб олишдир. Тадқиқотда бу қобилият 43,7 фоиз спортчида юқори (4 балл — 18,2 фоиз, 5 балл — 25,5 фоиз), 25,5 фоизида ўртача экани, аммо 30,9 фоиз қатнашчида хатодан кейин диққатни қайта жамлаш кўникмаси заифлиги (1 балл — 14,5 фоиз, 2 балл — 16,4 фоиз) аниқланди. Шунингдек, ота-оналар, мураббийлар ва яқинларнинг натижа борасидаги юқори кутилмалари 55,3 фоиз ўқувчига ортиқча босим ўтказмаган бўлса-да (1 балл — 33,9 фоиз, 2 балл — 21,4 фоиз), 21,4 фоизига қисман ва 23,2 фоизига кучли психологик юк бўлиб тушган (4 балл — 12,5 фоиз, 5 балл — 10,7 фоиз). Энг ачинарлиси, мусобақа олдидан махсус психологик тайёргарлик усулларидан атиги 30,4 фоиз ёш спортчи мунтазам фойдаланиши (4 балл — 14,3 фоиз, 5 балл — 16,1 фоиз), 28,6 фоизи қисман қўллаши, 41 фоизи эса руҳий тайёргарлик техникаларидан умуман бехабар экани ёки фойдаланмаслиги (1 балл — 32,1 фоиз, 2 балл — 8,9 фоиз) маълум бўлди. Умумий хулоса сифатида, финал босқичида спортчиларга энг катта психологик тўсиқ бўлган омиллар сифатида ҳаяжонни бошқариш (37,2 фоиз), хато қилишдан қўрқиш (14,5 фоиз), диққатни жамлаш (12,7 фоиз), натижа учун масъулият ҳисси (12,7 фоиз), мураббий ёки ота-она кутилмалари (7,3 фоиз), рақиблар билан рақобат (1,8 фоиз) ва бошқа омиллар (5,5 фоиз) қайд этилди, фақат 12,7 фоиз иштирокчи руҳий қийинчилик сезмаганини билдирди.
Ўтказилган илмий-амалий таҳлиллар ва эмпирик натижалар асосида ёш спортчиларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қуйидаги концептуал хулоса ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилди:
Биринчидан, ёш спортчиларнинг жисмоний тайёргарлигини қатъий индивидуаллаштириш лозим. Гарчи иштирокчиларнинг 80,4 фоизи ўз жисмоний ҳолатини ижобий баҳолаган бўлса-да, 27,3 фоизида ортиқча чарчоқ ва 12,7 фоизида мушак оғриқлари кузатилгани ўсмирлар организмига тушаётган юкламаларни қайта кўриб чиқишни тақозо этади. Мураббийлар 13–14 ҳамда 15–17 ёш тоифасидаги спортчиларнинг биологик ўсиш суръати, жисмоний стажи ва функционал имкониятларидан келиб чиқиб юкламаларни босқичма-босқич ошириши, машғулотлар орасидаги тикланиш жараёнини илмий асосда режалаштириши зарур.
Иккинчидан, машғулот жараёнига спорт психологияси ютуқларини тизимли жорий этиш шарт. Иштирокчиларнинг 37,2 фоизида ҳаяжонни жиловлаш муаммоси мавжудлиги, 30,9 фоизи хатодан сўнг диққатини тиклай олмаслиги ҳамда 41 фоизи психологик тайёргарлик усулларини қўлламаслиги спорт мактаблари ва терма жамоалар таркибида малакали спорт психологлари фаолиятини кучайтиришни талаб қилади. Ёш спортчиларга нафас олишни бошқариш, аутоген машқлар, мушакларни бўшаштириш, мусобақа жараёнини руҳий моделлаштириш (визуализация) ва ижобий ўз-ўзига ишонч уйғотиш техникаларини мунтазам ўргатиб бориш уларнинг стрессга чидамлилигини кескин оширади.
Учинчидан, мусобақаларни ташкил этишда спортчиларнинг тикланиш физиологиясини инобатга олиш муҳимдир. Иштирокчиларнинг 83,4 фоизи умумий маиший шароитлардан мамнун бўлса-да, 23,2 фоизида мусобақа жадвалининг дам олиш тартибига номутаносиблиги кузатилган. Шу боис, турнир регламенти ва беллашувлар жадвалини тузишда спорт турининг хусусияти, ёш тоифаси ҳамда чиқишлар орасидаги тикланиш вақтини аниқ ҳисоб-китоб қилиш, шунингдек, спорт иншоотларида сифатли ичимлик суви, витаминлаштирилган овқатланиш, махсус исиниш зоналари ва тезкор тиббий-реабилитация хизматларини юқори савияда ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Тўртинчидан, “мураббий – спортчи – ота-она – шифокор – психолог” ҳамкорлигига асосланган ягона комплекс мониторинг тизимини яратиш зарур. Ёш спортчиларга натижа ва медаллар борасида ҳаддан ташқари психологик босим ўтказиш ўрнига, уларнинг шахсий ўсиши ва меҳнатсеварлигини рағбатлантириш муҳитини шакллантириш лозим. Ҳар бир истиқболли спортчининг жисмоний, функционал ва руҳий ҳолати динамикасини акс эттирувчи индивидуал электрон паспорт ва мониторинг тизимини юритиш ҳамда уни мутахассислар ва ота-оналар билан биргаликда мунтазам таҳлил қилиб бориш юқори спорт натижаларининг барқарорлигини таъминлайди.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “Президент олимпиадаси” бугунги кунда шунчаки спорт мусобақаси эмас, балки мамлакатимизнинг энг иқтидорли ёшларини саралаш, уларнинг жисмоний, интеллектуал ва руҳий салоҳиятини илмий таҳлиллар асосида юзага чиқаришга хизмат қилувчи муҳим стратегик платформадир. Мазкур тадқиқот давомида аниқланган илмий хулосалар ва амалий тавсияларнинг спорт таълими муассасалари фаолиятига кенг татбиқ этилиши юртимизда рақобатбардош спорт захирасини шакллантириш ва Янги Ўзбекистон спортининг жаҳон ареналаридаги шон-шуҳратини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшади.
Шопулатов А.Н.,
Ғаффоров Н.Н,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети профессорлари